Президент Эрдўғаннинг қизи намойишга чиқди (видео)
Олам
−
21 Октябрь 2023
16042Кеча, 20 октябрь куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг қизи, Аёллар ва Демократия Жамғармаси (KADEM) васийлик кенгаши раиси Сумая Эрдўған Истанбулда, аёлларнинг намойишида қатнашди. Бу ҳақда “Yeni Şafak” нашри хабар берди.
39 та ноҳукумат ташкилот аъзоси бўлган аёллар қўлларида Туркия ва Фаластин байроқлари билан Истанбулнинг Эминўни майдонида тўпланиб, Исроилнинг Фаластинга қарши ҳужумларига норозилик билдирган. Норозилик намойишини бошлаган аёлларни қўллаб-қувватлаган KADEM васийлик кенгаши раиси Сумая Эрдўған-Байроқдор Исроилнинг Ғазодаги шифохоналарни, мактабларни нишонга олиб, бегуноҳ одамларни, аёллар ва болаларни ўлдираётганини ва бу 75 йилдан бери давом этаётганини айтган.
У Исроилнинг Фаластин ерларини ишғол қилгани, одамларнинг уйларини тортиб олгани, таълим, соғлик, саёҳат ва эътиқод эркинлиги каби барча ҳуқуқларини ўзлаштирганини қайд этган. Сумая Эрдўған Исроилнинг ҳаракатларига ҳеч қандай баҳона йўқлиги, буларнинг универсал конвенциялар ва Женева конвенциясида уруш жинояти сифатида қайд этилганини урғулаган.
“Ғарбда биз одатда мусулмон минтақаларини аёллар ҳуқуқларини муҳокама қилиш орқали нишонга олинганини, Туркияда бегуноҳларни нишонга олган Курдистон ишчилар партияси (КИП – террорчилик ташкилоти) террорист аёллари озодлик курашчилари сифатида улуғланаётганини кўрамиз. Лекин улар Ғазода бир неча 10 йиллардан буён қуролланган исроиллик аскарларга қарши бўш қўллари ва улкан юраклари билан Ал-Ақсони, Исроил томонидан уйлари ва ўлдирилаётган гўдакларини ҳимоя қилишга уринган, ҳар қандай қийинчиликлар қаршисида қаддини тик тутаётган фаластинлик қаҳрамон аёлларни кўрмайдилар. Уларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинмайди. Бугун биз Туркиядаги аёллар нодавлат ташкилотлари ўлароқ Фаластин аёллари, болалари ва Фаластиннинг ёнидамиз, деб ҳайқириш учун шу ердамиз. Биз бутун инсониятни бу фожиага қарши овозини баланд кўтаришга чақирамиз”, дейди Сумая Эрдўган.
Маълум қилинишича, Эминўни майдонида аёлларнинг ўтирган ҳолда норозилик намойиши ўтказиши 3 кун (23 октябрь оқшомига қадар) давом этади. Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳаракатларини тўхтатишга бағишланган бу ҳаракатга Туркия ва бутун дунёдаги нодавлат ташкилотлар таклиф қилинган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Сумая Эрдўғаннинг турмуш ўртоғи Селчук Байроқдор дунё ҳамжамиятига мурожаат йўллаб, уларни Ғазода тинчлик ўрнатишга чақирганди. Шунингдек, у “Baykar” компанияси Ғазо халқи учун 280 миллион лира (1 миллион АҚШ доллари) гуманитар ёрдам ажратганини маълум қилганди.
LiveБарчаси