“Сукут сақлаш шерикликдир”. Эрдўғаннинг куёви Ғазодаги қирғинларни тўхтатишга чақирди (видео)
Олам
−
21 Октябрь 2023
13727Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг куёви, учувчисиз самолёт ишлаб чиқарувчи “Baykar” компаниясининг директори Селчук Байроқдор Ғазода рўй бераётган воқеалар юзасидан халқаро ҳамжамиятга мурожаат қилиб, уларни зудлик билан тинчликни таъминлашга чақирди. У видеомурожаатини Instagram’даги саҳифасида эълон қилди.
“Ғазода инсоният тарихидаги энг оғир фожиа содир бўлмоқда. Исроил бегуноҳ, тинч аҳолини, жумладан, аёллар ва болаларни қирғин қилмоқда. У шифохоналар, мактаблар ва ибодатхоналарни бомбардимон қилиш орқали уруш жиноятларини содир этяпти. Бу фақат иккиюзламачилик – геноцидга қарши курашганини даъво қилганлар, бугун ўзлари геноцидни амалга ошириб, қўлларини қонга ботиряпти”, дейди Селчук Байроқдор.
Шунингдек, у халқаро ҳамжамият чора кўриши, зудлик билан тинчлик ва адолат ўрнатилиши кераклигини таъкидлаган. Тадбиркор ўзига тегишли “Baykar” компанияси Ғазо халқи учун 280 миллион лиралик инсонпарварлик ёрдамини беришга тайёр эканини билдирган.
“Биз бутун инсониятни Ғазодаги қирғинларни тўхтатиш учун ҳаракат қилишга чақирамиз. Сукут сақлаш бу қирғинларга шерик бўлишдир”, дея хулоса қилади “Baykar” раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған халқаро ҳамжамиятни Ғазодаги шифохонага ракета ҳужумидан сўнг, “мисли кўрилмаган шафқатсизлик”ни тўхтатишга чақирганди ва ҳужум оқибатида ҳалок бўлганлар учун мамлакатда уч кунлик мотам эълон қилганди. У бугун, 21 октябрь куни Мисрда Фаластин-Исроил масаласини ҳал қилишга бағишланган саммитда қатнашиши кутилмоқда.
LiveБарчаси