Туризм соҳаси Азиз Абдуҳакимовга ота меросми?

Жамият

Ўзбекистонда туризм соҳаси бир қўшилиб, бир айрилиб, бир тугатилиб ва яна қайта ташкил этилавериб чарчамади. Одамлар тугул биз журналистлар ҳам бугун туризм соҳасига ким масъуллигини англолмай чалкашиб кетяпмиз. Бунинг устига, туризм соҳаси худди Азиз Абдуҳакимовга "қадастр" қилингандек. Айланиб ҳам, ўргилиб ҳам бу соҳа унинг қўлига ўтиб қолаверади. Гап нима ҳақида кетаётганини ҳозир бошидан тушунтириб берамиз.

1992 йил 27 июль куни Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг фармони билан “Ўзбектуризм” миллий компанияси ташкил этилган. Бу компания 2016 йилгача, яъни 25 йил давомида бирор марта ўзгармади ва туризм соҳасида республиканинг ягона сиёсатини юритиб келди. Ҳаммаси эса 2016 йилдан бошланди.

2016 йилнинг 2 декабрь куни Ўзбекистонга сайёҳларни жалб қилишга 25 йил давомида жавобгар бўлиб келган ягона ташкилот “Ўзбектуризм” компанияси тугатилиб, унинг ўрнига Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташкил этилди. 2017 йилнинг август ойидан бошлаб мазкур қўмитага раис этиб ўша пайтда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазири бўлиб ишлаётган Азиз Абдуҳакимов тайинланди. Лекин у бу лавозимда фақат ярим йилгина, яъни 2018 йилгача ўтира олди, холос.

2020 йилга келиб Азиз Абдуҳакимов яна ўзининг қадрдон курсисига қайтди, Туризм қўмитаси раиси бўлди. Аммо 2021 йилнинг апрель ойида Президент Шавкат Мирзиёев фармони билан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасини Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан қўшиб юбориб, улар негизида бутун бошли Туризм ва спорт вазирлиги ташкил қилинди. Хўп, унинг вазири ким бўлади энди? Топдингиз, Азиз Абдуҳакимов. Аммо ўша пайтда туризм соҳаси билан спортнинг нима даҳли бор, нега иккаласи битта вазирлик бўляпти, деган саволни тепада ўтирганларнинг ҳеч қайси кўтармади. 

2022 йилнинг 18 февралида президент туризм соҳасига оид яна янги фармонни имзолади. Фармони билан вазирлик таркибидан спорт соҳаси ажралди ва алоҳида Спортни ривожлантириш вазирлиги ташкил қилинди. 

Туризм соҳаси ҳам етим бўлиб қолмади, у энди Туризм ва маданий мерос вазирлиги дея атала бошланди. Ном ўзгарди, йўналиш ҳам бироз ўзгарди, лекин вазир ўзгармади. Азиз Абдуҳакимов туризм ва маданий мерос вазири бўлиб қолаверди. Буни қарангки, тинчимаган туризм яна 10 ой ўтиб ўзгарди. 

2022 йилнинг охирида, 23 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатда маъмурий ислоҳотларни амалга оширишга доир фармонни имзолаб, унга кўра, 2023 йил 1 январдан бошлаб Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Маданият вазирлиги қўшиб юборилиб, улар негизида Маданият ва туризм вазирлиги ташкил этилди. Буни қарангки, бу сафар вазир бўлиб Азиз Абдуҳакимов эмас, Озодбек Назарбеков тахтда қолди. Абдуҳакимов учун эса Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси негизида яп-янги Табиат ресурслари вазирлигини очиб беришди. Кўп ўтмай бу вазирликнинг номи ҳам ўзгариб, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги этиб белгиланди. Шундай қилиб, сих ҳам куймади кабоб ҳам. 

“Ўртасарсон” туризмга нима бўлди, деётгандирсиз? Озодбек Назарбеков бу соҳани ярим йил бошқарганидан сўнг мана кечагина, 27 июль куни Ўзбекистон президентининг “Маъмурий ислоҳотлар доирасида маданият ва туризм соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эълон қилинди ва фармон билан туризм соҳаси Назарбековдан “олиб қўйилди”.
Кимга берилди – Азиз Абдуҳакимовга!

Бу сафар “ўртасарсон” туризм соҳаси экология йўналишига қўшворилиб, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузурида Туризм қўмитаси қайтадан ташкил қилинди. Туризм соҳаси билан экология бир-бирига қанчалик яқин бу сўроқ остида. Тўғри, бугун туризмга раис этиб Умид Шодиев тайинланган, лекин барибир тепасида ўтирган Абдуҳакимовнинг ўзида. Тез кунда туризм яна ўзгариб, ёки алоҳида вазирлик бўлиб қолса ҳам ҳайрон қолманг, хуллас. Бу унга теккан касал. 25 йилда бирон марта ўзгармаган соҳа, ўтган 7 йилда нақ 5 марта қўшилди, айрилди, тугатилди ва ўзгарди.

Нима ҳам дердик? Муҳими мана шу соҳа ривожланса бўлгани. Ўзбекистон туризмининг фақат номи, вазирлиги эмас, ўзи ҳам ўзгаряптими, десангиз бу энди бошқа масала. Сизнингча, Ўзбекистоннинг туризм саҳолияти ўзгардими? Қайси муаммоларга ечим топилди? Жавобларингизни изоҳларда қолдиринг, таҳлилни эса бошқа кунга қолдирамиз. 


Мақола муаллифи

Теглар

Азиз Абдуҳакимов Туризм Озодбек Назарбеков

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг