Тўқаев Назарбоевнинг Олма-отадаги саройини бузишни буюрди
Олам
−
02 Март 2022
11609Қозоғистоннинг Олма-ота шаҳридаги Президент қароргоҳи бузилади. Давлат раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаев шундай қарор қабул қилди, деб хабар берди унинг Матбуот котиби Берик Уали.
“Президент Қосим-Жомарт Тўқаев қарорига кўра, январь воқеалари пайтида бандитлар ва террорчилар томонидан вайрон қилинган ҳамда ёқиб юборилган Олма-ота шаҳридаги расмий қароргоҳ бузиб ташланади. Унинг ўрнида шаҳарликлар учун майдон қурилади”, деб ёзган Уали ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Қароргоҳ Совет даврида Ленин музейи мажмуаси сифатида қурила бошланган. Кейин мақсад ўзгарган — СССР парчаланганидан кейин бино Қозоғистон Президентининг қароргоҳи сифатида қурилиши давом эттирилган. У 1995 йилда фойдаланишга топширилган.
2022 йил январидаги тартибсизликлар чоғида қароргоҳ ҳамда Олма-ота шаҳар ҳокимлиги биноси ёнғиндан жиддий зарар кўрган.
Жорий йилнинг январь ойи бошида Қозоғистонда оммавий тартибсизликлар бўлиб ўтди, уларнинг иштирокчилари полиция ва ҳарбийларга ҳужум қилди. Тўқаев давлат тўнтаришига уриниш ҳақида эълон қилди ва ёрдам сўраб КХШТга мурожаат қилди. 7 январга келиб вазият барқарорлашди, 19 январдан бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат бекор қилинди. Расмий маълумотларга кўра, ушбу воқеалар натижасида 225 киши ҳалок бўлган, 4,5 мингдан ортиқ киши жароҳатланган.