Тўқаев Лукашенконинг таклифини рад этди
Олам
−
29 Май 2023
17340Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Беларусь фуқароси Александр Лукашенконинг таклифига изоҳ берар экан, Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) каби бирлашма мавжуд бўлгани учун республика Иттифоқ давлатига қўшилиши шарт эмаслигини билдирди. Бу ҳақда у бугун, 29 май куни Шимолий Қозоғистон вилоятига ишчи сафари доирасида айтиб ўтди.
“Лукашенко Қозоғистонга Иттифоқ давлатига қўшилишни таклиф қилди. Мен унинг ҳазилини юқори баҳоладим. Менимча, бунинг ҳожати йўқ, чунки бошқа интеграция бирлашмалари, биринчи навбатда, Евроосиё иқтисодий иттифоқи мавжуд”, деган Тўқаев.
Шунингдек, Қозоғистон раҳбари мамлакатга ядро қуроли керак эмаслиги, чунки Остона “Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисида”ги шартнома ва “Ядровий синовларни тақиқлаш тўғрисида”ги шартномага қўшилган.
“Биз ушбу халқаро ҳужжатлар бўйича ўз мажбуриятларимиз бўйича содиқ қоламиз”, деб тушунтирган Тўқаев.
Унинг таъкидлашича, ЕОИИ биринчи навбатда, иқтисодий ўзаро ҳамкорлик, интеграция масалалари билан шуғулланиши зарур.
“Ягона товар бозорини яратиш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширишимиз керак. Қозоғистонлик юк ташувчилар ҳам Россия бозорига, ҳам учинчи давлат бозорларига юкларни эркин ва фойдали ташиш учун Россия ҳудудидаги ички темир йўл тарифларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлиши керак. Яна бир марта такрорлайман: ЕОИИда, биринчи навбатда, иқтисодий интеграция масалалари билан шуғулланиш керак, бошқа нарсалар кейинги ўринда туради”, дейди Қозоғистон Президенти.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Лукашенко “Москва. Кремль. Путин” дастурига берган интервьюсида Қозоғистонга Беларусь ва Россия ўртасидаги иттифоққа қўшилишни таклиф қилганди. Лукашенко ана ўшанда “ҳамма учун ядровий қурол бўлиши”ни айтди. 24 май куни эса Қозоғистон Президенти Иккинчи Евроосиё иқтисодий форумининг ялпи мажлисида ЕОИИ таркибида иттифоқ давлати шаклидаги интеграция мавжудлигига эътибор қаратганди. Унинг таъкидлашича, Россия ва Беларусь иттифоқ давлати доирасидаги ўзаро ҳамкорлик Арманистон, Қозоғистон ва Қирғизистон билан интеграция даражасидан фарқ қилади. Ҳатто ядровий қурол ҳам икки давлатга битта ҳисобланади.