ЕОИИ давлатлари раҳбарлари Москвада, Путин атрофида йиғилди. Муҳим гаплар бор

Таҳлил

image

Бугун, 24 май куни Россия пойтахти Москвадаги “Зарядье” концерт залида II Евроосиё иқтисодий форумининг ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда Россия Президенти Владимир Путин, Беларусь фуқароси Александр Лукашенко, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ва Қирғизистон Президенти Садир Жапаров иштирок этди.

Мезбон мамлакат раҳбари Владимир Путин ЕОИИга аъзо давлатлар (Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон) доирасидаги иқтисодий муносабатлар динамикаси ҳақида гапирар экан, у глобал инқироз билан боғлиқ пессимистик прогнозлар ўзини оқламаганини таъкидлаган.

“Рақамлар ўз-ўзидан гапиради. Жаҳон иқтисодиёти ва савдодаги кенг кўламли инқироз, сезиларли геосиёсий хавфлар ва ноаниқлик омилига қарамай, 2022 йил учун Евроосиё Иттифоқининг умумий ялпи ички маҳсулоти камайди, лекин атиги 1,6 фоизга.  Бироқ баъзи экспертлар бутунлай бошқача сценарийни, кўчки сценарийсини башорат қилишганди. Бундай нарса бўлмаган ва бундан кейин ҳам бўлмаслиги аниқ”, деб ишонтирган Путин.  

Шунингдек, у бугунги кунда янги барқарор логистика занжирларини барпо этиш ва халқаро йўналишларни жадал ривожлантириш долзарблиги ошаётганини таъкидлаган. Шунинг учун ҳам, у Москва бу ишга ЕОИИ доирасида ҳам, ундан ташқарида ҳам, жумладан, "Шимол-Жануб" коридори лойиҳасида ҳам катта аҳамият бераётганини билдирган. 

Форумда сўзга чиққан Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Россия ва Беларусь иттифоқ давлати мавжудлигига эътибор қаратган.

Унинг сўзларига кўра, бу иттифоқнинг концептуал ва мафкуравий асоси жуда жиддий – бу беларусь ва рус халқларининг тарихий ҳамжамиятини, маданий, тил, диний ўзига хослигини ўзаро тан олишдир.

“Бизда, ЕОИИда иттифоқ давлати мавжуд. Яъни жаҳон сиёсий тарихида ўзига хос прецедент ёки ҳодиса яратилди. “Икки давлат – бир давлат” формуласи бўйича ягона сиёсий, ҳуқуқий шаклга эга бўлган, ягона иттифоқ ҳукумати ва ягона иттифоқ парламенти билан иттифоқ давлати вужудга келмоқда. Ва ҳатто ядровий қурол ҳам ҳозир иккига битта”, деган Тўқаев.

У Москва ва Минскни бирлаштирувчи омилларни санаб ўтар экан, Россия ва Беларусь етакчилари билан қўл бериб кўришган.

“Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон вакиллик қиладиган интеграциянинг яна бир даражаси бор ва биз бу воқеликни ҳисобга олишимиз керак. Бундай шароитда қандай ишлашимиз концептуал масала. Ўйлайманки, биз ушбу иқтисодий форумда бу муаммони муҳокама қилишимиз керак”, дея хулоса қилган Қозоғистон раҳбари.

Тадбирда қатнашган Беларусь фуқароси Александр Лукашенко эса ЕОИИ мамлакатлари ўз хавфсизлигини таъминлаш учун ягона интеграциялашган ахборот тизимини яратиши кераклигини айтган.

“Иттифоқнинг рақамли кун тартиби жиддий янгиланишни тақозо этади, бу биринчи навбатда иттифоқимиз давлатларининг ахборот ресурслари ва тизимларининг биргаликда ишлашини таъминлайдиган яхлит ахборот тизимига тааллуқлидир”, деган Лукашенко.

Унинг таъкидлашича, тизим аввалгидек америкаликлар ёки ғарбий европаликлар томонидан эмас, балки иттифоқ мамлакатлари томонидан яратилиши ва назорат қилиниши керак.

“Бизда кадрлар тайёрланди ва моддий-техник база мавжуд. Ахборот хавфсизлиги соҳасида Евроосиё кун тартибини ишлаб чиқишни бошлаш керак. Ахборот сиёсати масалалари ЕОИИ тўғрисидаги шартнома билан ҳали тартибга солинмаганини қайд этаман. Бу камчиликни бартараф этиш керак”, дея қўшимча қилган Беларусь раҳбари.

Қирғизистон Президенти Садир Жапаров эса Евроосиё рейтинг агентлигининг ташкил этилиши Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатларида инвестиция фаоллигини ривожлантириш ва уларнинг молиявий мустақиллик даражасини ошириш имконини беришини айтган.

“Евроосиё рейтинг агентлигининг ташкил этилиши тадбиркорлик субъектлари дуч келадиган чекловларни бартараф этиш билан бирга, Евроосиё минтақаси давлатларининг молиявий мустақиллик даражаси ва сармоявий фаолликни оширишга хизмат қилади”, деган Қирғизистон раҳбари.

Жапаровнинг таъкидлашича, ЕОИИ иқтисодий ривожланишнинг ўзини-ўзи таъминлайдиган қутбига айланиб бормоқда ва ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари эҳтиёжларини мустақил равишда қондира олади.

Маълумот учун, жорий йилнинг январь ойида Россия Президенти Владимир Путин Россиянинг 2023 йилда ташкилотга раислиги муносабати билан ЕОИИ раҳбарларига мурожаатида Евроосиё рейтинг агентлигини яратиш имкониятларини ўрганишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблашини айтган. Бунгача Евроосиё иқтисодий комиссияси ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирган.

Россия Федерацияси Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков форум якунланганидан кейин давлат раҳбарлари Кремлда норасмий тушлик қилишлари, унда норасмий мулоқот давом этишини маълум қилган. Эртага, 25 май куни Путин ва ЕОИИ давлатларининг бошқа раҳбарлари Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилишида иштирок этиши эълон қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Москва Путин Александр Лукашенко Садир Жапаров Тўқаев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг