Тўқаев Қозоғистон фожиасида кимларни айбламоқда?
Олам
−
07 Январь 2022
40084Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев мамлакат халқига қилган мурожаати чоғида “эркин оммавий ахборот воситалари” ва “хорижий” шахсларни қонун ва тартибни бузишга ёрдам беришда айблади.
“Кўп миллатли халқимизнинг туб манфаатларидан йироқ бўлган “эркин оммавий ахборот воситалари” ва “хорижий” арбоблар ҳуқуқ-тартиботни бузишда ёрдамчи эмас, аслида, қўзғатувчи рол ўйнайди”, деди Президент.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, бу масъулиятсиз демагогларнинг барчаси Қозоғистондаги фожиани очишга шерик бўлган.
“Биз барча қонуний вандализм ҳаракатларига кескин муносабат билдирамиз”, деди Қосим Жомарт Тўқаев.
Шу билан бирга, Президент ҳозирча фақат маълум ҳудудларда ва маълум вақт оралиғида интернетга уланишни тиклаш тўғрисида қарор қабул қилганини айтди.
Бундан ташқари, у келгусида республика бўйлаб фавқулодда ҳолат тартиби бекор қилинишини ҳам маълум қилди.
Шунингдек, Тўқаев Қозоғистон тарихидаги қора чизиқ тез орада ўтиб кетишига ишонч билдирди.
Қозоғистонда намойишлар
Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.
Шунингдек, митинг иштирокчилари жавобгарликка тортилмаслигига ҳам кафолат берилганди. Лекин, 5 январь куни Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатнинг бир қанча вилоятларида содир этилган ноқонуний ҳаракатлар чоғида жамоат тартибини бузганлик учун 200 дан ортиқ кишини қўлга олди.
5 январь куни, шунингдек, Қозоғистоннинг амалдаги Ҳукумати истеъфо берди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди. Шунингдек, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди. Унинг ўрнини Президент Тўқаев эгаллади.
Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.
LiveБарчаси