Тўқаев Афғонистондаги гуманитар ва иқтисодий инқироз учун ечим таклиф қилди
Олам
−
17 Сентябрь 2021
5211Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Афғонистонга халқаро ёрдам етказиб бериш учун Олма-отада Шанхай ҳамкорлик ташкилоти марказини ташкил қилишни таклиф қилди. Бу ҳақда у ШҲТ йиғилишида сўз очган.
“Биз, шунингдек Афғонистон дуч келадиган фавқулодда гуманитар ва иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш учун ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёрмиз. Қозоғистоннинг мавжуд инфратузилмаси ва логистика имкониятларини инобатга олган ҳолда, биз Афғонистонга халқаро ёрдам етказиб бериш учун Олма-отада ШҲТнинг гуманитар марказини ташкил қилишни таклиф қиламиз”, деган Тўқаев.
Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон келажакдаги Афғонистонни ўзи ва қўшнилари билан тинч-тотув яшаётган, ҳақиқий мустақил ва бирлашган давлат сифатида кўради.
“Менимча, ШҲТ ўзининг улкан таъсири билан бу мамлакатда тинчлик ва ҳамжиҳатликка эришишда фаол роль ўйнаши мумкин ва шундай бўлиши ҳам керак. Фақат коллектив саъй-ҳаракатлар билан биз ҳозирги таҳдидларга қарши курашда минтақавий хавфсизликни таъминлай оламиз”, дея таъкидлаган Қозоғистон Президенти.
Маълумот ўрнида, айни дақиқаларда Тожикистон пойтахтида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг йиғилиши ўтказиляпти. Кун тартибида бир нечта масалалар бор. Давлат раҳбарлари 20 йиллик юбилейини нишонлаётган ШҲТ фаолиятини ҳам, халқаро майдондаги воқеаларни ҳам муҳокама қилади. Энг долзарб муаммолар орасида COVID-19 пандемияси ва Афғонистон инқирози бор. Йиғилишда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этмоқда.
LiveБарчаси