Трасс Бош вазир лавозимидан кетмоқчи эмас

Олам

image

Буюк Британия Бош вазири Лиз Трасс кеча, 17 октябрь куни ҳукмрон Консерватив партиядаги бир қатор депутатларнинг чақириқларига қарамай, истеъфога чиқмаслигини айтди. 

“Мен ҳозирги лавозимга мамлакат манфаатлари йўлида сиёсат юритиш мақсадида сайландим. Биз жуда қийин даврларни бошдан кечирмоқдамиз. Биз Консерваторлар партияси ҳақида гапиришга вақт сарфламаймиз, аксинча, бизнесга киришишимиз керак. Бу менинг ҳамкасбларимга мурожаатим”, дейди Буюк Британия ҳукумати раҳбари Британия телеканалларига берган интервьюсида.  

Таъкидлашича, у миллий манфаатлар учун ҳаракат қилиш позициясида қолади. Шунингдек, у 2024 йил охиригача ўтказилиши керак бўлган навбатдаги парламент сайловларида Консервативлар партиясини бошқаришига ишонч билдирди. 

Бундан ташқари, Трасс молия бозорида тартибсизликларни келтириб чиқарган ҳукуматнинг иқтисодий дастурини тақдим этишда йўл қўйилган хатолар учун инглизлардан узр сўради. 

“Мен масъулиятни ўз зиммамга олишни ва йўл қўйган хатоларим учун узр сўрашни хоҳлайман. Мен одамларга энергия тўловларида ёрдам бериш,  юқори солиқ ставкалари масаласини ҳал қилиш учун чора кўрмоқчи эдим, лекин биз жуда узоққа ва жуда тез кетдик. Мен буни тан олдим. Мен янги канцлерни (Молия вазирлиги раҳбари – таҳр.) иқтисодий барқарорликни тиклаш бўйича янги стратегия билан тайинладим”, дейди у. 

Норозилик сабаби

Аллақачон бешта консерватив депутат Трассни ҳукумат эълон қилган солиқ ислоҳоти дастури муносабати билан истеъфога чиқишга чақирди. Сентябрь ойи охирида эълон қилинган солиқларни катта қисқартириш режаси жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлиб, ҳокимиятни Қиролликнинг энг бадавлат аҳолиси манфаатларини кўзлаб иқтисодий сиёсат юритаётганликда айблади. Шунингдек, биржа ва облигациялар бозорларининг қулашига олиб келди, бунинг натижасида фунт бир нуқтада деярли долларга тенг бўлган энг паст даражага тушди.

Шундан сўнг, Британия ҳукумати даромад солиғининг максимал ставкасини 45 фоиздан 40 фоизга туширишдан бош тортишга мажбур бўлди, бироқ бу Консерватив партия рейтингининг тушишини тўхтата олмади. 

Натижада, Трасс ўз дастурини иккинчи марта тўғирлаши ва корпоратив солиқни 25% дан 19% гача камайтириш ташаббусини қисқартириши, шунингдек, ўз ўрнини сақлаб қолиш учун Ғазначилик раҳбари Квази Квартенгни ишдан бўшатиши керак эди. 

Янги Молия вазири Жереми Хант 17 октябрь куни ҳукумат давлат қарзининг кўпайишига йўл қўймаслик учун Британия уй хўжаликлари учун электр ва газ тарифларини аввал ваъда қилинганидек икки йил эмас, атиги етти ойга музлатиб қўйишини ва шу тариқа Трасснинг навбатдаги чорасини бекор қилишини эълон қилди. Аввалроқ “Daily Mail” газетаси шу ҳафтанинг бошида Тори депутатлари Трассга ишонч вотуми бўйича партиявий овоз бериш зарурлиги масаласини тўғридан-тўғри кўтаришлари мумкинлиги ҳақида хабар берган эди. Бир қатор ОАВ хабарларига кўра, Бош вазирнинг истеъфосини талаб қилаётган Тори парламентарийлари сони, аслида, аллақачон 100 нафарга етиши мумкин.

Трасснинг ҳокимият тепасига келиши

Эслатиб ўтамиз, 5 сентябрь куни Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Лиз Трасс ҳукмрон Консерватив партия етакчилиги учун курашда ғолиб чиқди. 

47 ёшли Трасс номзоди учун Консерватив партиянинг 81 326 нафар оддий аъзоси овоз берди. Унинг рақиби, 42 ёшли собиқ Молия вазири Риши Сунак 60 399 нафар овоз олди. Лиз Трасс 6 сентябрь куни Буюк Британиянинг янги Бош вазири бўлди, у аввалроқ ҳукмрон Консерватив партияда етакчилик учун курашда ғалаба қозонган эди.

Трасс Буюк Британиянинг 56-Бош вазири (ёки бу лавозимни бир неча марта эгаллаганларни ҳисобга олган ҳолда 78-ҳукумат раҳбари) ва қиролича Елизавета II давридаги 15-Бош вазирга айланди. У, шунингдек, Маргарет Тэтчер (1979 йилдан 1990 йилгача Вазирлар Маҳкамасига раҳбарлик қилган) ва Тереза Мэйдан (2016 йилдан 2019 йилгача) кейин Вазирлар Маҳкамасини бошқарган учинчи аёлга айланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Лиз Трасс

Баҳолаганлар

42

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг