“Мен исёнкорман”. Трасс Британиянинг бошқарув тизимини ўзгартирмоқчи

Олам

image

Собиқ Молия вазири Риши Сунак билан бирга бош вазирлик учун курашаётган Британия Ташқи ишлар вазири Лиз Трасс ўзини ҳукумат иш услубини ўзгартирмоқчи бўлган исёнкор деб билади. Бу ҳақда у “Daily Telegraph” газетасига берган интервьюсида айтиб ўтган.

“Мен ўзимни исёнкор деб биламан, чунки мен нарсаларни ўзгартиришни хоҳлайман”, деган Британия ҳукуматида бир нечта вазирлик лавозимларида 10 дан ортиқ ишлаган 46 ёшли сиёсатчи.

Шошилинч ўзгаришлар зарурлиги тарафдори сифатида Трасс сўнгги йигирма йил ичида Британия иқтисодиётида кучли ўсиш кузатилмагани, “кучли глобал пандемиядан кейинги иқтисодий зарба” ва Украинадаги можарони келтирган.

“Бу мамлакатимиз учун ўта муҳим вақтдир. Биз одатдагидек яшашда давом этамизми? Ёки бошқача иш қиламизми, дадил бўламизми? Мен биз юқори ўсиш ва маҳсулдорликка эга буюк давлатга айланишимиз учун бошқача қилмоқчиман, дадил бўлмоқчиман”, деган Трасс.

Англия банки устидан назорат

Трас Британияда сўнгги 40 йилликдаги энг юқори инфляция (июнь ойида 9,4 фоиздан ортиқ) қайд этилганига муносабат билдириб, келгуси йилда нархларнинг ўсиши секинлашишига ишонишини айтган. Бош вазир “курси”сига кўз тикка номзоднинг фикрича, муаммо асосан глобал таъминот занжири ва пул-кредит сиёсатидаги узилишлар билан боғлиқ.

“Келгусида мен Англия банкининг мандатини текширмоқчиман”, дея ваъда берган Трасс.

Сўнгги марта бу соҳадаги ўзгаришлар чорак аср олдин Молия вазири Гордон Браун (Лейбористлар партияси) томонидан киритилган. У пул-кредит сиёсатини белгилашда марказий банк вазифасини бажарувчи Англия банкига мустақиллик берган.

“Мен жаҳондаги марказий банкларнинг илғор тажрибасини ўрганиб, улар қандай ваколатларга эга эканлигини кўриб, пул массаси ва инфляция масалаларига катта эътибор қаратишимизни таъминламоқчиман”, деган сиёсатчи.

Трасс Браундан бери деярли ҳар доим кўтарилган солиқ юкини 30 миллиард фунт стерлингга (36 миллиард доллар) камайтириш ниятида эканини билдирган. Шу тариқа, у озиқ-овқат ва электр энергияси нархи сезиларли даражада ошишига дуч келган британияликларнинг ҳаётини осонлаштирмоқчи.

Солиқларни камайтириш

Бу масалаларда Трасснинг қарашлари Консерваторлар партияси етакчиси ва Буюк Британия Бош вазири лавозимлари учун курашдаги рақиби, собиқ Молия вазири Риши Сунак билан тубдан фарқ қилади. “The Times”газетасига берган интервьюсида Сунак инфляция келгуси йил бошида пасайишни бошлашига шубҳа билдирган.

“Ўтган йил давомида инфляция бўйича барча прогнозлар нотўғри бўлиб чиқди. Инфляция доимий равишда одамлар ўйлаганидан юқори бўлди ва узоқ давом этди”, деган 42 ёшли сиёсатчи.

У инфляцияни мамлакатнинг асосий муаммоси деб атаган. Сунак ўзи Борис Жонсон ҳукуматида Молия вазири сифатида кўтарган солиқларни камайтиришга қарши. У 2020 йилнинг февралидан 2022 йилнинг июлигача Молия вазирлигини бошқарган. Унинг фикрича, Трасс режаларини амалга ошириш “бугунги инфляция узоқроқ вақтга илдиз отишига” олиб келиши мумкин, бу эса яшаш нархининг ошиши фонида “Буюк Британиядаги миллионлаб одамларга ақл бовар қилмайдиган зарар” келтиради.

Шунингдек, у фоиз ставкаларининг кескин ошишидан хавотирда, негаки бу кредит тўлашга мажбур бўлган кўплаб британияликларга салбий таъсир кўрсатади.

Молия вазирлигининг собиқ раҳбари ўз рақибининг мамлакат бошқарув тизимини зудлик билан ўзгартириш зарурлиги ҳақидаги фикрига қўшилади.

“Ҳукуматда ишлаб кўрганман, менимча, тизим керакли даражада ишламаяпти. Ва бу мавҳум муаммо эмас”, деган Сунак 

У ҳукумат раҳбари сифатидаги биринчи иш куниданоқ уни “инқирозли тартиб”га ўтказишга ваъда берган.

2019 йилда Тереза Мэйнинг ўрнига Бош вазир лавозимини эгаллаган Жонсон 7 июль куни бош вазирлик ва Буюк Британия Консерватив партияси раҳбари лавозимини тарк этишини эълон қилди. У Вазирлар Маҳкамасининг янги раҳбари тайинлангунга қадар ишлашда давом этади.

Британия Вазирлар Маҳкамасидаги бир қатор истеъфолар Борис Жонсон ҳукуматидаги икки муҳим вазир – Молия вазири Риши Сунак ва Соғлиқни сақлаш вазири Сажид Жовиднинг истеъфога чиқиши билан бошланди. Шундан сўнг турли вазирликлар раҳбарларининг ўринбосарлари, жумладан, аёллар ва тенглик масалалари бўйича вазир ўринбосари Кеми Баденок истеъфога чиқди.


Мақола муаллифи

Теглар

Буюк Британия Лиз Трасс Риши Сунак

Баҳолаганлар

122

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг