Британиянинг янги Бош вазири биринчи ваъдасини берди
Олам
−
05 Сентябрь 2022
10898Лиз Трасс Консерватив партия раҳбари сифатида Буюк Британия Бош вазири лавозимида берган барча ваъдаларини бажаришини айтди.
“Мен солиқларни камайтириш ва Британия иқтисодиётини ривожлантириш бўйича дадил режани тақдим этаман”, дейди Трасс Консерватив партия раҳбари этиб сайланганидан кейин ўтказилган матбуот анжуманида.
Трасс Консервативлар партиясини бошқарганидан фахрланишини айтди ва сайловдаги асосий рақиби,собиқ молия вазири Риши Сунакга миннатдорчилик билдирди.
Британия консерваторлари етакчиси ўзидан олдинги Бош вазир Борис Жонсонга миннатдорлик билдирди ва уни “дўстим”, деб атади.
“Борис, сиз Brexit’га эришдингиз, Корбинни (Меҳнат партияси етакчиси Жереми Корбин – таҳр.) мағлуб этдингиз, коронавирусга қарши эмлашни таъминладингиз ва (Россия Президенти – таҳр.) Владимир Путинга қарши тура олдингиз. Киевдан Карлайлгача ҳаммани ҳайратга солдингиз”, дейди у.
Трасснинг таъкидлашича, Консерватив партия унинг раҳбарлигида келгуси икки йил давомида сайловчиларга берган ваъдаларини бажариш ниятида.
“Ваъда берганимдек, мен солиқларни камайтириш ва иқтисодиётимизни ривожлантириш бўйича дадил режани тақдим этаман", дейди Трасс.
Энергия тўловларининг ўсишига келсак, Трасс, у ҳисоб-китоблардан ташқари, узоқ муддатли энергия муаммоларини излашини айтди.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 5 сентябрь куни Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Лиз Трасс ҳукмрон Консерватив партия етакчилиги учун курашда ғолиб чиқди.
47 ёшли Трасс номзоди учун Консерватив партиянинг 81 326 нафар оддий аъзоси овоз берди. Унинг рақиби, 42 ёшли собиқ Молия вазири Риши Сунак 60 399 нафар овоз олди. Шундай қилиб, Трасс ҳукмрон партия раҳбари сифатида 6 сентябрь куни Бош вазир лавозимида иш бошлайди ва янги ҳукуматни тузади.
Трасс Буюк Британиянинг 56-Бош вазири (ёки бу лавозимни бир неча марта эгаллаганларни ҳисобга олган ҳолда 78-ҳукумат раҳбари) ва қиролича Елизавета II давридаги 15-Бош вазирга айланади. У, шунингдек, Маргарет Тэтчер (1979 йилдан 1990 йилгача Вазирлар Маҳкамасига раҳбарлик қилган) ва Тереза Мэйдан (2016 йилдан 2019 йилгача) кейин Вазирлар Маҳкамасини бошқарган учинчи аёлга айланади.
Эслатиб ўтамиз, тез орада Жонсон эгаллаб турган лавозимини тарк этади. У жорий йилнинг 20 июль куни Бош вазир сифатида сўнгги бор Жамоалар палатасида нутқ сўзлаган.
2019 йилда Тереза Мэйнинг ўрнига Бош вазир лавозимини эгаллаган Жонсон 7 июль куни бош вазирлик ва Буюк Британия Консерватив партияси раҳбари лавозимини тарк этишини эълон қилди. У Вазирлар Маҳкамасининг янги раҳбари тайинлангунга қадар ишлашда давом этади.
LiveБарчаси