Трампнинг позицияси Исроил-Эрон урушини келтириб чиқариши мумкин – NYT
Олам
−
18:35
2200АҚШда президентликка сайланган Дональд Трампнинг Исроилни очиқ қўллаб-қувватлаши Эрон ва яҳудий давлати ўртасида кенг кўламли қуролли тўқнашувни юзага келтириши мумкин. Бу ҳақда “The New York Times” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Трамп ўз маъмуриятининг муҳим лавозимларига исроилпараст қарашлари билан танилган сиёсатчиларни тайинлашни таклиф қилган. Бундан ташқари, у келажакда Исроилнинг Эроннинг ядровий объектларига ҳужум қилишини қўллаб-қувватлаши мумкинлиги ҳақида олдин ҳам фикр билдирган.
Нашрнинг ёзишича, Исроил ва Эрон ўртасидаги жорий йил апрель ва октябрь ойларида юз берган ҳужумлар АҚШнинг 2003 йилда Ироққа бостириб киришида қўлланган “Шок ва қўрқув” доктринасига унчалик мос эмас. Ушбу стратегия рақибнинг нафақат ҳарбий инфратузилмасини, балки қаршилик кўрсатиш иродасини ҳам йўқ қилиш учун мўлжалланган.
Эрон ва Исроилнинг қуруқлик армиялари ўртасидаги масофа 1,2 минг километрни ташкил қилгани боис ушбу доктринани жорий можаро шароитида қўллаш эҳтимоли паст. Аммо Трампнинг Исроил-Эрон можаросига нисбатан позицияси янада радикаллашган тақдирда қарама-қаршиликнинг кескинлашиши эҳтимоли ортади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп маъмурияти Эронни ядровий қурол ишлаб чиқиш ва минтақадаги ҳарбий гуруҳларни молиялаштириш учун зарур бўлган даромаддан маҳрум қилиш мақсадида унга “максимал босим” режасини қўллаш ниятида экани хабар қилинган эди.