Трамп Эронга максимал босим ўтказади – FT
Олам
−
16 Ноябрь
1251АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп маъмурияти Эронни ядровий қурол ишлаб чиқиш ва минтақадаги ҳарбий гуруҳларни молиялаштириш учун зарур бўлган даромаддан маҳрум қилиш мақсадида унга “максимал босим” режасини қўллаш ниятида. Бу ҳақда манбаларига таяниб, “Financial Times” хабар берди.
“Дональд Трамп Эронни имкон қадар тезроқ банкрот қилиш учун максимал босим стратегиясини қайтадан бошлашга қарор қилди”, дейди Трампнинг ҳокимиятга ўтиши билан таниш бўлган миллий хавфсизлик бўйича эксперт.
Манбаларга кўра, Трампнинг ўтиш даври жамоаси Оқ уйдаги биринчи кунида Эронга нефть экспортига таъсир кўрсатадиган янги санкцияларни кучайтириш ва жорий этиш бўйича фармойишлар чиқаришни режалаштирмоқда. Бу чора Теҳронни АҚШ билан музокараларга ва янги ядровий битим тузишга ундаш учун қўлланилади.
“Умид қиламизки, бу уларни муносабатларни барқарорлаштирадиган ва ҳатто бир кун келиб нормаллаштирадиган яхши ниятли музокараларга рози қилиш учун рағбат бўлади, аммо менимча, Трампнинг шартлари эронликлар тайёр бўлганидан анча қаттиқроқ бўлади”, дейди эксперт.
Трамп кампанияси бу хабарларга изоҳ бермади.
“The Wall Street Journal” эса аввалроқ Вашингтон ва Теҳрон Дональд Трампнинг иккинчи муддати давомида, “ўзаро адоват”га қарамай, якунда дипломатик келишувга эриша олиши ҳақида хабар берган. Шу билан бирга, газета манбалари Трамп Эронга нисбатан санкциялар босимини жиддий равишда кучайтириб, нефть етказиб бериш имкониятини тўхтатиб қўйишини истисно қилмаган.
Эслатиб ўтамиз, 14 ноябрь куни “The New York Times” газетаси номи ошкор этилмаган икки Эрон расмийсига таянган ҳолда Tesla ва SpaceX асосчиси, АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп ҳукумат самарадорлигини ошириш бўйича янги департаментга раҳбар этиб тайинлаган Илон Маск 11 ноябрь куни Нью-Йоркда Эрон элчиси Амир Саид Иравоний билан учрашганини хабар қилганди. Билдирилишича, томонлар Теҳрон ва Вашингтон ўртасидаги тарангликни бартараф этиш йўлларини муҳокама қилган. Музокаралар бир соатдан кўпроқ давом этган ва “яширин жойда” бўлиб ўтган. Бироқ Эрон Ташқи ишлар вазирлиги Иравоний ва Маскнинг учрашуви ҳақидаги ОАВ хабарларини “қатъий” рад этди.
LiveБарчаси
Жиззахда қимор ўйнаганлар қўлга олинди.
16 Ноябрь