Маск Эроннинг БМТдаги вакили билан махфий учрашув ўтказди – NYT
Олам
−
15 Ноябрь
2157Америкалик тадбиркор, Tesla ва SpaceX асосчиси Илон Маск Эроннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги доимий вакили Амир Саид Иравоний билан учрашиб, Теҳрон ва Вашингтон ўртасидаги кескинликни юмшатиш йўлларини муҳокама қилди. Бу ҳақда икки эронлик амалдорга таяниб, “The New York Times” хабар берди.
Нашрга кўра, жорий йил 11 ноябрь куни Нью-Йоркда ўтказилган бу учрашувнинг асосий мавзуси Эрон ва АҚШ ўртасидаги кескинликни пасайтириш бўлган. Учрашув бир соатдан кўпроқ давом этган ва махфий жойда бўлиб ўтган. Нашр манбалари ушбу учрашувни “ижобий” деб баҳолаган. АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампнинг жамоасида алоқа директори лавозимида фаолият юритувчи Стивен Чунг ушбу учрашув ҳақида изоҳ беришдан бош тортган.
Манбалар, шунингдек, Маск билан учрашув Теҳронга АҚШ расмийлари билан бевосита мулоқотга кирмасдан, “айланма йўл” орқали алоқаларни ривожлантириш имконини берганини билдирган. Суҳбат давомида Иравоний Илон Маскка АҚШ Молия вазирлигидан рухсат олиб, бизнесининг бир қисмини Эрон ҳудудига кўчиришни таклиф қилган.
Маълумот учун, Трампнинг иккинчи президентлик муддати давомида АҚШнинг Эронга нисбатан сиёсати кескинлашиши кутилмоқда. У ўзининг биринчи муддати даврида (2017-2021 йиллар) Эрон билан ядро битимидан чиқиб, мамлакатга қарши “максимал босим” стратегиясини амалга оширган. У Эронга қарши нефть ва банк секторини ўз ичига олган 1,5 мингга яқин санкция жорий қилган ва эронлик генерал-майор Қосим Сулаймонийга суиқасд уюштиришга буйруқ берган.
Теҳронда эса Трамп давридаги АҚШ сиёсати ўзгармаслиги айтилмоқда. Масалан, Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён АҚШ сайловлари натижасининг ҳеч қандай аҳамияти йўқлигини, чунки Теҳрон “ички кучига таянган” ҳолда ҳаракат қилишини билдирган.
Бироқ бир нечта эронлик амалдорларнинг NYT’га билдиришича, Трампнинг айрим ваъдалари Теҳронга маъқул келади. Ғазо сектори ва Украинадаги урушни тугатиш ваъдаларининг бажарилиши шулар жумласидан.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп миллиардер Илон Маск ва президентликка собиқ номзод ва Трампнинг иттифоқдоши Вивек Рамасвами янги Ҳукумат самарадорлиги департаментига раҳбарлик қилишини билдирган эди.
LiveБарчаси