Эрон ўз элчисининг Маск билан учрашганини “қатъий” рад этди
Олам
−
16 Ноябрь
1388Эрон Ташқи ишлар вазирлиги Ислом Республикасининг БМТдаги доимий вакили Амир Саид Иравоний ва америкалик миллиардер Илон Маскнинг учрашуви ҳақидаги ОАВ хабарларини “қатъий” рад этди. Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Исмоил Бағий бугун, 16 ноябрь, шанба куни IRNA давлат ахборот агентлигига берган изоҳида бу каби даъволарни ёлғон деб атади.
Бағий “Америка оммавий ахборот воситалари томонидан тахмин қилинган учрашув ҳақидаги маълумотларнинг кенг тарқалишидан ҳайратда қолган”ини билдирди.
“The New York Times” газетасининг 14 ноябрь куни номи ошкор этилмаган икки Эрон расмийсига таянган ҳолда хабар беришича, Tesla ва SpaceX асосчиси, АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп ҳукумат самарадорлигини ошириш бўйича янги департаментга раҳбар этиб тайинлаган Илон Маск 11 ноябрь куни Нью-Йоркда Эрон элчиси Амир Саид Иравоний билан учрашган. Томонлар Теҳрон ва Вашингтон ўртасидаги тарангликни бартараф этиш йўлларини муҳокама қилган. Музокаралар бир соатдан кўпроқ давом этган ва “яширин жойда” бўлиб ўтган.
Газета суҳбатдошларининг таъкидлашича, Маск билан учрашув Теҳронга америкалик расмийлар билан тўғридан-тўғри музокараларга киришмаслик учун “вақтинчалик ечим”дан фойдаланишга имкон берган.
Шу билан бирга, NYT манбаларидан бири суҳбат чоғида Иравоний миллиардерга Эронга нисбатан санкцияларни бекор қилишни ва бизнесининг бир қисмини Теҳронга кўчиришни таклиф қилганини айтди.
Трамп сайловолди ташвиқоти билан алоқалар бўйича директори Стивен Чунг “бўлиб ўтган ёки бўлмаган шахсий учрашувлар ҳақидаги ҳисоботларга” изоҳ беришдан бош тортди. Маск ва Эроннинг БМТдаги ваколатхонаси ҳам музокаралар ҳақида изоҳ бермади.
LiveБарчаси