Трампнинг одамлари Москвага бормоқчи
World
−
17:34 583 1 minute
АҚШ Президенти Дональд Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф ва куёви Жаред Кушнер жорий йилнинг 5-6 сентябрь кунлари Москвага, шундан сўнг Киевга бориши мумкин. Бу ҳақда ўз манбасига таяниб, ТАСС хабар берди.
“Улар Москвага, кейин Киевга боришни режалаштирмоқда. Бу 5-6 сентябрь кунлари бўлиши мумкин”, деган агентлик манбаси.
Аввалроқ, Украина Президенти Владимир Зеленский яқин кунларда АҚШ Президенти вакиллари Украинага келишини маълум қилган. У вакилларнинг Москвага ҳам боришини айтган, бироқ уларнинг исмларини очиқламаган.
Шунингдек, Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков бугун, 4 сентябрь куни Уиткофф ва Кушнернинг яқин кунларда Москвага ташриф буюриши ҳақидаги хабарларга изоҳ берган. Унинг айтишича, Кремль АҚШ вакиллари билан алоқалар қачон амалга оширилиши ҳақида кейинроқ маълумот беради.
“Мен ҳозирча ҳеч нарсани эълон қилмаган бўлардим. Бу алоқалар амалга оширилгач, сизларни хабардор қиламиз”, деган Песков журналистларга.
Шу тариқа, ТАСС манбаси ташриф 5-6 сентябрь кунлари бўлиши мумкинлигини билдирган бўлса-да, Россия томони бу санани ҳозирча расман тасдиқламаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 25 август куни АҚШ Марказий разведка бошқармаси директори Жон Рэтклифф Россия пойтахти Москвага эълон қилинмаган музокаралар учун борган эди.
Live
All