Трампнинг одами Ўзбекистонга келади
Олам
−
03 Февраль 4990 2 дақиқа
АҚШнинг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили, элчи Сержио Гор жорий йилнинг 3–7 февраль кунлари Ўзбекистонга ва Қирғиз Республикасига ташриф буюради. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти сайтида хабар берилди.
Қайд этилишича, Бишкекда бўлиб ўтадиган B5+1 бизнес форумида Гор Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Тожикистон ва Туркманистон (биргаликда C5) ҳамда америкалик йирик бизнес етакчилари ва сиёсатчилар билан учрашади.
Билдирилишича, юқори даражадаги муҳокамаларда у АҚШ ва Марказий Осиё ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда бизнес ҳамжамиятининг муҳим ролини алоҳида таъкидлайди. Шунингдек, Бишкек ва Тошкент шаҳарларида Гор икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш имкониятларини муҳокама қилиш учун юқори мартабали расмийлар билан учрашувлар ўтказади.
“Қўшма Штатлар Қирғиз Республикаси ва Ўзбекистон билан иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, бутун минтақада барқарорлик ва фаровонликни таъминлашга хизмат қиладиган инновацион ҳамкорликларни ривожлантиришга содиқдир”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сержио Гор янги ташкил этилган АҚШ-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг ҳамраиси бўлиб фаолият юритиши ҳақида хабар берилган эди.
У 2025 йилнинг 25 октябрь куни АҚШ Давлат котиби ўринбосари Кристофер Ландау билан Ўзбекистонга келганди. 26 октябрь куни эса улар Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданияти билан танишган. Элчихона эълон қилган расмлардан АҚШ расмийлари Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази ва “Чорсу” бозорига борганини кўриш мумкин. Уларга Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Ҳеник ҳамроҳлик қилган.
27 октябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Сержио Гор билан учрашди. Мирзиёеванинг ёзишича, АҚШ маъмуриятининг юқори мартабали вакиллари Ўзбекистонда кейинги 8 йил давомида Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг шиддати ва жадал суръатини қайд этган.
Шундан сўнг, Президент Шавкат Мирзиёев махсус вакил Сержио Гор бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Учрашув сўнггида Гор Ўзбекистон етакчисига Трамп номидан юборилган бир қатор совғаларни топширди.
Live
Барчаси