Трампдан кейин Рубио ҳам Лавровга қўнғироқ қилди

Олам

image
Путин Трамп билан деярли 1,5 соат телефонда гаплашди north_east

Путин Трамп билан деярли 1,5 соат телефонда гаплашди

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио 15 февраль куни Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан телефон орқали гаплашиб, Украинадаги вазиятни муҳокама қилди. Мулоқот АҚШ тарафининг ташаббуси билан ташкиллаштирилди. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти ва Россия ТИВ хабар берди.

Суҳбат ўтган ҳафта бошида АҚШ Президенти Дональд Трамп ва Россия Президенти Владимир Путин ўртасидаги суҳбатдан кейин бўлиб ўтди. Давлат департаменти баёнотида таъкидланишича, Давлат котиби Президент Трампнинг Украинадаги можарога чек қўйишга содиқлигини яна бир бор тасдиқлаган.

“Бир қатор бошқа икки томонлама масалалар бўйича ҳамкорликда потенциал иш олиб бориш имкониятлари муҳокама қилинди”, дейилади Давлат департаменти хабарида.

Москва эса Рубио ва Лавров АҚШнинг аввалги маъмурияти томонидан қўйилган “бир томонлама тўсиқларни” олиб ташлашни муҳокама қилганини маълум қилди.

“Обама маъмурияти томонидан 2016 йилда АҚШда Россия дипломатик ваколатхоналари фаолияти учун шарт-шароитларни максимал даражада қийинлаштириш (бу эса, албатта, жавоб чораларини кўришга олиб келди) сиёсатига тезда чек қўйиш йўллари бўйича фикр алмашилди, Россия ва АҚШнинг хорижий ваколатхоналари фаолиятидаги тўсиқларни ўзаро бартараф этиш бўйича аниқ қадамларни келишиш учун яқин вақт ичида экспертлар учрашувини ташкил этишга келишиб олинди. Лавров ва Рубио президентлар белгилаган оҳангга мувофиқ ўзаро ҳурмат асосидаги давлатлараро мулоқотни тиклаш учун ҳамкорлик қилишга тайёр эканини тасдиқлади. Мунтазам алоқалар, жумладан, Россия-Америка саммитига тайёргарлик ҳақида келишиб олинди”, дейилади ТИВ баёнотида.

Рубио ва Лавровнинг суҳбати яқин кунларда Саудия Арабистонида Америка ва Россия расмийларининг учрашуви режалаштирилгани ҳақидаги хабарлар фонида бўлиб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Американинг “Axios” портали манбаларига таяниб, эртага, 18 февраль куни Саудия Арабистонида АҚШ ва Россия вакилларининг Украинадаги урушни тугатиш бўйича музокаралари бўлиб ўтишини, АҚШ делегацияси таркибига Давлат котиби Марко Рубио, Оқ уйнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майк Уолтц ва Дональд Трампнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткофф киришини, Россия томонидан эса катта эҳтимол билан Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров қатнашишини хабар қилганди. “Bloomberg” агентлигига кўра, у ерда Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков ва Ташқи разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкин ҳам бўлади. Бундан ташқари, музокараларни Россия тўғридан тўғри инвестициялар жамғармаси раҳбари, АҚШда таҳсил олган ва ишлаган Кирилл Дмитриев бошқармоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Россия Сергей Лавров Марко Рубио

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг