Эртага Ар-Риёдда АҚШ-Россия музокаралари бўлиб ўтади

Олам

image
Путин Трамп билан деярли 1,5 соат телефонда гаплашди north_east

Путин Трамп билан деярли 1,5 соат телефонда гаплашди

Эртага, 18 февраль куни Саудия Арабистонида АҚШ ва Россия вакилларининг Украинадаги урушни тугатиш бўйича музокаралари бўлиб ўтади. Бу ҳақда бугун, 17 февралга ўтар  кечаси манбаларга таяниб, Американинг “Axios”портали хабар берди.

“Axios” манбаларига кўра, АҚШ делегацияси таркибига Давлат котиби Марко Рубио, Оқ уйнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майк Уолтц ва Дональд Трампнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткофф киради. У кеча, 16 февраль куни “Fox News” телеканалида Уолтц билан кечқурун Саудия Арабистонига боришини айтган. 

“Рубио у ерга 17 февраль куни Исроилга ташрифидан сўнг боради”, деб ёзади “Axios”.

Россия делегациясининг аниқ таркиби маълум эмас. “Axios”нинг ёзишича, катта эҳтимол билан унинг таркибига Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров киради.

“Bloomberg” агентлигига кўра, у ерда Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков ва Ташқи разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкин ҳам бўлади. Бундан ташқари, музокараларни Россия тўғридан тўғри инвестициялар жамғармаси раҳбари, АҚШда таҳсил олган ва ишлаган Кирилл Дмитриев бошқармоқда.

Коммерсанть” газетаси ҳам кеча, 16 февраль куни манбаларига таяниб, музокаралар 18 февраль куни Саудия Арабистонида бўлиб ўтиши ҳақида хабар берди. Нашр аниқ манзилни ҳам номлаган: Ар-Риёд.

Украина Президенти Владимир Зеленский 15 февраль куни Киев Саудия Арабистонидаги учрашувга таклифнома олмаганини айтди. Трамп эса бир кун ўтиб Украина раҳбари урушни тугатиш бўйича музокараларда иштирок этишини билдирди. Уиткофф ҳам худди шундай деди. Рубио CBS телеканалига берган интервьюсида ҳар қандай “ҳақиқий музокаралар”да Украина ҳам, Европа давлатлари ҳам иштирок этишини айтди.

Зеленскийнинг ўзи кеча, 16 февраль куни кечқурунрасмий ташриф билан Бирлашган Араб Амирликларига етиб борди.

FlightAware маълумотларига кўра, кеча, 16 февраль куни Украина Президентининг самолёти Мюнхендан Польшанинг Жешув-Ясёнка аэропортига, сўнгра Абу-Дабига учган. У ердан Ар-Риёдга самолётда икки соатда етиб борса бўлади.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ “Bloomberg” манбаларига таяниб, Россия Президенти Владимир Путин ва АҚШ Президенти Дональд Трамп ўртасида Украина можаросини тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича музокаралар олиб бориш мақсадида бўлиши мумкин бўлган учрашув жорий йил 28 февралгача ўтказилиши мумкинлигини хабар қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Россия Украина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг