Трамп ўзбекистонликларни Янги йил билан табриклади
Жамият
−
23 Декабрь 2843 2 дақиқа
Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трамп Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёев ва Ўзбекистон халқига ўзининг ҳамда АҚШ халқининг самимий саломи ҳамда табрикларини йўллаб, Янги йилда бахт-саодат, муваффақиятлар ва янги зафарлар тилади. У бу тилакларини бугун, 23 декабрь куни Ўзбекистон Президенти билан телефон мулоқоти пайтида билдирди.
Шавкат Мирзиёев ҳам суҳбат аввалида АҚШ Президентини яқинлашиб келаётган Янги йил байрамлари билан табриклаб, дўст Америка халқига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилади.
Президентлар олий даражада эришилган келишувлар ижросининг боришини, шунингдек, Ўзбекистон – АҚШ стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш истиқболларини батафсил кўриб чиқди.
Ўзбекистон етакчиси Президент Дональд Трампнинг жорий йилда ички ва ташқи сиёсатда эришган муваффақиятларига юксак баҳо бериб, унинг ўткир халқаро инқирозлар ва можароларни ҳал этиш борасидаги самарали саъй-ҳаракатларини алоҳида таъкидлади.
Икки томонлама сиёсий мулоқот ва алмашинувлар, айниқса, етакчилар даражасида фаоллашиб, мамлакатлар ўртасидаги стратегик шерикликни ривожлантиришда янги босқични бошлаб бергани ва уни аниқ мазмун билан бойитгани мамнуният билан қайд этилди.
Маълумот учун, Шавкат Мирзиёев Трамп билан охирги марта жорий йил 7 ноябрь (Вашингтон вақти билан 6 ноябрь) куни Оқ уйда учрашган. Ўшанда Дональд Трамп Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида яқин уч йил ичида Ўзбекистон Американинг муҳим минераллар, авиация, автомобиль бутловчи қисмлари, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги, энергетика ва кимё, ахборот технологиялари ва бошқа муҳим тармоқларига қарийб 35 миллиард доллар, келгуси ўн йилда эса 100 миллиард доллардан ортиқ инвестиция киритиши ва харидларни амалга оширишини ёзиб қолдирган.
Эслатиб ўтамиз, буганги телефон суҳбатидан кейин ҳам Трамп Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида Ўзбекистон етакчисини G20 саммитида меҳмон сифатида иштирок этишга таклиф қилганини ёзганди.
Live
Барчаси