Трамп уйидан махфий ҳужжатлар топилганига муносабат билдирди

Олам

image

АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трамп Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) унинг Флоридадаги қароргоҳида тинтув ўтказгандан сўнг, ундан тортиб олинган ҳужжатларни ўз ихтиёри билан агентларга беришга тайёрлигини ва улар махфийликдан чиқарилганини айтди. Бу ҳақда Америка матбуоти ёзмоқда.

“Биринчидан, буларнинг барчаси махфийликдан чиқарилган. Иккинчидан, улар ҳеч нарсани “мусодара қилиши” шарт эмас эди. Улар сиёсат ўйнамасдан ва менинг Мар-а Лагодаги қароргоҳимга кирмасдан хоҳлаган вақтда олишлари мумкин эди”, деб ёзган АҚШ собиқ Президенти Truth Social’да.

Трампга кўра, махсус хизмат анча олдин ҳам исталган вақтда ҳужжатларни олиши мумкин бўлган. Бунинг учун фақат сўраш етарли бўлган.

“Энг катта муаммо – Президент Обама бир пайтлар Чикагога олиб кетган 33 миллион саҳифали ҳужжатлар билан нима қилишлари, уларнинг аксарияти махфий”, дея қўшимча қилган у.

Эслатиб ўтамиз, собиқ Президент Дональд Трамп жорий йилнинг 8 август куни ФҚБ агентлари унинг Флоридадаги қароргоҳида тинтув ўтказгани ҳақида хабар берганди.

Шундан сўнг, Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трампнинг Флоридадаги мулкида ядровий қуролга оид махфий ҳужжатларни қидиргани ҳақида хабарлар тарқалди. Кейинроқ ФҚБ Трампнинг қароргоҳидан 11 та махфий ҳужжат топгани, уларнинг орасида “ўта махфий” таснифидаги материаллар ҳам борлиги маълум бўлди.

Қайд этиш керакки, жорий йил бошида Миллий архив Трамп Флоридадаги шахсий қароргоҳига 15 қути президентлик ёзувларини олиб кетганини айтган эди. Тахминларга кўра, қутиларда “миллий хавфсизликка оид махфий маълумотлар” ҳамда Трамп ва хорижий давлат раҳбарларининг расмий ёзишмалари бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Дональд Трамп

Баҳолаганлар

241

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг