Трамп Оқ уйдан кетганидан кейинги илк кунни қандай ўтказди?

Олам 13487
image

АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трамп Оқ уйдан кетганидан кейинги биринчи кунни Флорида штатидаги гольф майдонида ўтказди. Бу ҳақда "The Washington Examiner"га асосланиб хабар берилган. 

Трампнинг гольф ўйнашни яхши кўриши кўпчиликка аён. У президентлик даврида ҳам шахсий гольф курортида тез-тез дам олиб турган. 

Трампнинг у билан гольф ўйнаган танишлари унинг ёши ва бу борада профессионал эмаслигини ҳисобга олиб, унинг ўйин даражасини юқори деб баҳолашади.

20 январь куни Трамп рафиқаси Мелания билан бирга Вашингтондан Флорида томон учиб, Оқ уйни АҚШнинг янги Президенти Жо Байденга топширганди. 

АҚШда 2020 йил 3 ноябрь куни президентлик сайловлари бўлиб ўтди. Президентликка асосий даъвогарлар – демократ Жо Байден ва республикачи Дональд Трамп эди. Оммавий овоз бериш ва сайловчиларнинг овоз бериш натижаларига кўра, Байден ғалаба қозонди, аммо Трамп сайлов натижаларини тан олмади ва судларга даъво қилди.

6 январь куни Трампнинг тарафдорлари мамлакат пойтахти Вашингтондаги Капитолий олдида намойиш уюштириб, Конгресс биносига бостириб кирди. Капитолийга ҳужум фонида Трампга иккинчи импичмент эълон қилинди. Шундан сўнг, бир қатор мессенжерлар ҳам Трампнинг аккаунтларини блоклади.

Ўша куни бу воқеалардан аввалроқ Трамп Вашингтонда тарафдорлари билан учрашиб, унда тўпланганларни Капитолийга келиб, қонун чиқарувчиларга “ўғирланган сайловлар” бўйича ўз норозиликларини билдиришга чақирган. 

Трамп вакиллар палатаси икки марта импичмент эълон қилган АҚШ тарихидаги биринчи Президент бўлди. Трампга 2019 йил декабрида биринчи марта импичмент эълон қилинганди. Ўшанда конгрессменлар Трампни ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ва конгресс ўтказган терговга тўсқинлик қилишда айблашган. Бироқ Сенат Трампни оқлаганди.

20 январь куни Вашингтонда AҚШ Президенти Жо Байден ва вице-президент Камола Ҳарриснинг инаугурация маросими бўлиб ўтди.

Шундан сўнг, Байден расман АҚШнинг 46-президенти бўлди.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 434
Рейтинг: 3
Теглар
t
×