Трамп Ғазодаги очарчиликка барҳам бериш учун режа тузяпти – ОАВ
Олам
−
01 Август 2025 2337 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп Ғазо секторида очарчиликка қарши курашиш бўйича режа устида ишлаётганини маълум қилди. Бу ҳақда Оқ уй раҳбари бугун, 1 август куни “Axios” нашрига берган интервьюсида сўз очди.
Трампнинг сўзларига кўра, АҚШ Ғазога ёрдам бериш ниятида ва мамлакат расмийлари сектордагиларнинг озиқ-овқат олишини хоҳлайди.
“Биз одамларга, уларнинг яшашига ёрдам бермоқчимиз. Биз одамлар озиқ-овқат олишини истаймиз. Бу нарса аллақачон амалга оширилиши керак эди”, деган Америка раҳбари.
Мазкур нашрнинг ёзишича, Трамп Ғазодаги очарчилик ҳақидаги хабарлардан хавотирга тушганини билдирган ва Фаластин ҳаракати ҲАМАСни Ғазога юборилган гуманитар ёрдамни ўғирлаб, кейин сотишда айблаган.
Маълумот учун, жорий йилнинг 2 март кунидан бошлаб Ғазо секторига халқаро гуманитар ёрдам етиб бормаяпти. Исроил қарорига кўра, барча чегара назорат пунктлари ёпиқ қолмоқда. Ҳозирда озиқ-овқатни тарқатиш Исроил ва АҚШ назоратидаги Ғазо гуманитар ёрдами фонди орқали амалга оширилмоқда.
ҲАМАСнинг даъво қилишича, “ёрдамнинг катта қисми хавфли, илгари эвакуация қилинган ҳудудларга ҳаво орқали ташлаб юборилмоқда, бу эса ушбу етказиб беришларни самарасиз қилади ва тинч аҳоли ҳаётини хавф остига қўяди”.
2023 йилнинг 7 октябрида ҲАМАС Исроилга кенг кўламли ҳужум уюштирган эди. Бу ҳужумдан сўнг Исроил ҲАМАСга қарши уруш эълон қилди. Бу уруш баҳонасида Ғазо секторида олиб борилган бомбардимонлар ва қуруқликдаги операциялар оқибатида 60 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди, 130 мингдан кўпроқ киши яраланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Америка Қўшма Штатлари Фаластин миллий маъмурияти ва Фаластин озодлик ташкилотига қарши санкциялар киритгани ҳақида хабар берилганди. Санкцияларнинг асосий сабаби сифатида бу ташкилотлар “террорчиликни қўллаб-қувватлаётгани” ва Исроилнинг мавжудлик ҳуқуқини тан олмаётганини кўрсатган.
Live
Барчаси