Midweek: Тикланаётган Сурия. Трампнинг Ғазо бўйича шубҳали таклифи. Шафқатсиз депортация, 31 йиллик Лукашенко
Таҳлил
−
30 Январь
8588Қўшни мамлакатларга таҳдид қилиш, уларнинг ерини бутунлай ўзига қўшиб олиш ёки айрим ҳудудларини тортиб олиш билан қўрқитишдан уялмаслик, муҳожирларга ҳайвондек муносабатда бўлиш – Трампнинг “Make America great again” – “Американи яна буюк қил” шиори гўёки тўсатдан “Make America Russia” – “Американи Россияга айлантир”га ўзгаргандек. Трамп Оқ уйда юқорида айтилган ишлар ва дунё харитасидаги жойларга янги номлар ўйлаш билан жуда банд бўлган бир пайтда Хитойнинг янги стартапи Қўшма Штатларнинг бир неча ўн йиллик йирик ва қудратли компанияларини шокка тушириб, уларнинг акциялари нархини қулатди.
АҚШдан қарийб 10 минг км узоқликда жойлашган унинг геосиёсий лойиҳалари учун “синов майдончаси” ҳисобланадиган Яқин Шарқда эса вазият анча мўтадиллашмоқда. ҲАМАС ва Исроил ўртасида асирлар алмашинуви бир текисда давом этяпти. Ғазоликлар аста-секин вайронага айланган уйларига қайтмоқда. Аммо Трамп Исроилга ҳалокатли қуроллар етказиб беришни босқичма-босқич тиклашни бошлагани Ғазодаги тинчликнинг узоққа чўзилишини сўроқ остига қўяди. Бундан ташқари, унинг сектор аҳолисини номаълум муддатга Иордания ёки Мисрга кўчириш ҳақидаги талаби ўта шубҳалидир.
Яқин Шарқдан бироз юқорироқдаги минтақа – Шарқий Европа осмонида ҳам анча умидли хабарлар кўриниш берди. ОАВ хабарларига кўра, Россиянинг Украинага босқини баҳорда тугатилиши ва якун қайсидир маънода Киев учун ижобий бўлиши кутиляпти. Бу учун ЕИ Россияга янги санкциялар пакетини қўллаш орқали яна босим ўтказиш илинжида.
Путиндан андоза олаётган Трамп
Трамп ҳокимиятни расман эгаллагандан буён ҳали мамлакат тараққиёти ва унинг ташқи дунёдаги обрўйини оширадиган бирон-бир ижобий ҳаракатлар қилганича йўқ. Мексика кўрфази номини Америкага алмаштириш, Аляскада жойлашган Шимолий Американинг энг баланд чўққиси Деналини Мак-Кинли деб қайта номлаш ташаббуси ва Трампнинг яқин маслакдоши Илон Маск томонидан Ла-Манш бўғози номини Америка бўғози деб ўзгартириш каби майда-чуйда ишлар бугунги кунгача Трамп маъмуриятининг энг кўзга кўринган ҳаракатлари бўлиб турибди. Янги маъмуриятнинг қолган ишлари эса материкда шунчаки хаос келтириб чиқармоқда холос. Хусусан, Трампнинг шафқатсиз депортация компанияси жуда оғриқли бошланди. “Орзулар диёри”да қонуний мақомга эга бўлмаган муҳожирлар қадр-қиммати топталган ҳолда мамлакатдан “супуриб” ташланмоқда. Шу пайтгача қисқа вақт ичида Лотин Америкасининг қатор давлатлари қўл-оёқлари кишанланган ҳолда АҚШ ҳарбий самолётларида ортга қайтарилган фуқароларини қабул қилди. Гватемала, Бразилия кабилар шулар жумласидандир. Аммо АҚШда ноқонуний мақомда бўлган мигрантларнинг бу тарзда чиқариб юборилиши баъзи давлатларнинг жиддий қаршилигига учради. Мексика ва Колумбия АҚШ ҳарбий самолётларининг мамлакат ҳудудига қўнишига рухсат бермади. Бунинг ортидан 26 январь куни Вашингтон ва Багота ўртасида “савдо уруши” бошланишига бир бахя қолди. Трамп Колумбия Президенти Густаво Петронинг бундай қарорига унинг АҚШга экспорт қиладиган товарларига 25 фоиз бож жорий қилиш билан таҳдид қилди. Трампнинг жазо чораси фақат бож билан чекланмай, колумбиялик расмийларга қатор санкцияларни ҳам ўз ичига олиши айтилди. Шундан сўнг Петро ҳам ўз ўрнида масъулларга АҚШ товарларига ҳам шундай миқдордаги бож жорий қилишни буюрди. Қисқа соатлар ичида Трамп ўзинг Truth Social платформасида, Петро эса Х’дан туриб даҳанаки жанг олиб борди. Бироқ кечга бориб икки ўртада келишувга эришилгани эълон қилинди. Оқ уй божларни оширмаслик шарти эвазига Колумбия Трампнинг депортация қилинган муҳожирларни ҳеч қандай шартларсиз қабул қилишни маъқуллаганини маълум қилди.
“Колумбия ҳукумати Президент Трампнинг барча шартларини, шу жумладан АҚШ томонидан ҳарбий самолётларда депортация қилинадиган барча ноқонуний мигрантларни чекловларсиз ва кечиктирмасдан қабул қилишни маъқуллади”, дейилади ҳужжатда.
Аммо Трампнинг Лотин Америкасига таҳдиди булар билан чекланиб қолаётгани йўқ. Колумбиядан кейин навбат Гондурасга етди. Трамп маъмурияти АҚШдан ўн минглаб ноқонуний муҳожирларни Гондурасга қайтаришини эълон қилиб, бу мамлакат Қўшма Штатларга ноқонуний муҳожирларни олиб ўтадиган йирик марказга айланганини қўшимча қилди. Гондурас ҳам 25 фоизлик бож жазоси таҳдидига учради. Бунга жавобан Гондурас президенти Хиомара Кастро ҳам Трампга жавоб қайтариб, АҚШ билан муносабатларни қайтадан кўриб чиқиш билан огоҳлантирди. Кастро ноқонуний муҳожирларни қабул қилишдан бош тортган тақдирда божлар ва бошқа санкцияларни жорий этиш ҳақидаги таҳдидлардан сўнг баёнот бериб чиқиб, қуйидаги мурожаатни йўллади:
“АҚШ ҳукумати негадир Гондурас ҳудудида уларнинг ҳарбий базалари борлигини унутмоқда. Улар бир неча ўн йиллар давомида шу ерда ва бунинг учун улар ҳеч нарса тўламайдилар. Агар АҚШ ҳукумати бизга нисбатан душманлик сиёсатини кўрсатаётган бўлса, унда уларнинг бизнинг ҳудудимизда ҳарбий мавжудлиги барча маъноларни йўқотади.”
Маълумот ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, Гондурасда АҚШнинг Soto Cano ҳарбий авиабазаси мавжуд бўлиб, бу объект бутун Марказий Америкада Оқ уй учун жуда муҳим бўлган ҳарбий иншоотларидан бири саналади. АҚШ бу ердаги базадан ўтмишда Куба ва Венесуэлага бостириб киришда фойдаланган. Кўриниб турибдики, Трамп минтақа мамлакатлари билан ҳеч ҳам тенг муносабатларни йўлга қўйишни истамаяпти. У ўзининг бу ҳаракатлари билан Евросиё материгидаги “дўсти” каби империалистик тафаккурни намойиш қиляпти. Колумбияга ўтказган босими эртага Гондурасга, ундан сўнг бошқа минтақа мамлакатларига ўтмаслигига ва унинг фойдасига ҳал бўлмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди. Бу фақатгина ўзининг қўпол депортация лойиҳасини божларни ошириш таҳдиди билан ўтказиш жараёни холос ва бу ҳозирча Колумбия мисолида синовдан муваффақиятли ўтди. Аммо Трампнинг кейинги режалари баъзи мамлакатларнинг ҳудудий яхлитлиги билан бевосита боғлиқ. Гренландия учун Дания билан, Панама канали учун эса Панама ҳукумати билан исталган кўринишда, хоҳ иқтисодий, хоҳ ҳарбий усулда уришишга тайёр. Хуллас, муҳожирларга паст назар, қўшни мамлакатлар ерига кўз тикиш ва босқинчи бўлиб кўринишдан уялмаётган Трамп борган сари Путин ва унинг Россиясидан фарқ қилмаяпти. У Американи яна буюк қилиш эмас, балки уни Россияга айлантириш йўлидан бораётгандек гўё.
DeepSeek – демократия энди тараққиёт асоси эмасми?
АҚШ Президенти Дональд Трампнинг бор эътибори юқорида баён этилган жанжалларга қаратилган бир пайтда Хитойнинг сунъий интеллект стартапи Қўшма Штатларнинг кўплаб техногигантларига қақшатқич зарба берди. Ўтиб бораётган ҳафтанинг энг кутилмаган воқеаси айнан шу бўлди десак муболаға қилмаган бўламиз. Гап шундаки, Хитойда ишлаб чиқилган DeepSeek сунъий интеллект тизими ChatGPT’дан самаралироқ ва арзонроқ эканини кўрсатганидан сўнг, Ғарб техногигантлари акциялари кескин пасайишни бошлади. Маълумотларга кўра, 27 январь савдо куни давомида чип ишлаб чиқарувчи Nvidia компанияси акциялари деярли 17 фоизга пасайган. Бу пасайиш компаниянинг бозор капитализациясини 600 миллиард доллардан кўпроқ камайишига олиб келган. Бу тарихдаги энг катта кунлик йўқотиш экани айтилмоқда. Nvidia компаниясининг рақобатчилари, жумладан Marvell, Broadcom, Micron ва TSMC ҳам сезиларли даражада зарар кўрган. Meta, Alphabet ва Google компаниялари ҳам DeepSeek таъсирида йўқотишларга учраганлар қаторида. Ушбу пасайиш Oracle, Vertiv, Constellation, NuScale ва маълумотларни қайта ишлаш марказлари билан боғлиқ бошқа компанияларга ҳам таъсир қилган. “New York Post” нашрининг ёзишича, АҚШ ва Европанинг техногигантлари бир кун ичида умумий ҳисобда 1 триллион доллар йўқотган.
“Муваффақиятли DeepSeek инвесторларда Хитойнинг сунъий интеллект билан боғлиқ кам баҳоланган компанияларига бўлган қизиқишни қайта тиклаши ва ўсишнинг альтернатив тарихини таклиф қилиши мумкин”, дейилади хабарда.
DeepSeek компанияси хитойлик миллиардер, High- Flyer инвестиция фонди раҳбари Лян Вэньфэн томонидан ташкил этилган. Америкалик техногигантлар билан рақобатлашадиган Хитойнинг DeepSeek компанияси икки йил олдин ташкил этилган бўлиб, компанияда атиги 200 киши ишлайди. Таққослаш учун, OpenAI ўн йилдан бери мавжуд ва унда 4 мингдан ортиқ ходимга эга, капитали эса 6,5 миллиард доллардан ортиқ. DeepSeek R1 сунъий интеллект иловаси АҚШ, Буюк Британия ва Хитойда Apple App Store’даги энг кўп юклаб олинган бепул иловага айланди. Компания маълумотларига кўра, янги чат-бот арзонроқ чиплар ва кичикроқ маълумотлар базаси асосида ишлайди. Сунъий интеллект ёрдамчиси очиқ кодли DeepSeek-V3 модели асосида ишлаб чиқарилган бўлиб, тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, у 6 миллион доллардан кам маблағ эвазига ишлаб чиқилган. Бу рақобатчилар томонидан шунга ўхшаш ишланмалар учун сарфланган миллиардлаб долларларга нисбатан сезиларли даражада арзон. Аммо DeepSeek Хитой стартапи бўлганлиги боис унда Чин юртининг манфаатларига зид бўлган қатор масалаларда цензура мавжуд. Масалан, унга Тайван халқаро ҳуқуқнинг тўлақонли субъектими деган савол йўлласангиз, дастлаб жавоб беришга тайёрланади, аммо сўнгида экранда узр сўраган ҳолда “бунга жавоб бера олмаслиги ва бошқа нарсалар ҳақида гаплашиш” илтимоси пайдо бўлади. Шундай бўлса-да, DeepSeek’да жуда қаттиқ цензура йўқ. Чунки чатбот уйғурлар ҳақида йўлланган сўровларга баъзи чекловлар билан бўлса-да, атрофлича жавоб беради. Энди масаланинг асосий қисмига ўтсак. DeepSeek баҳонасида кўп масалалар муҳокамаси ўртага ташланди. Шулардан бири бу илова Хитой авторитаризмининг АҚШ демократияси устидан ғалабасими деган саволдир. Чунки мазкур илова фонд бозоридаги об-ҳавони кескин ўзгартирмагунча Қўшма Штатларнинг сунъий интеллект соҳасидаги пешқадамлиги шубҳа остига олинмаганди. DeepSeek ишланмаси хитойликлар учун АҚШдаги шу каби иловалардан бир неча юз баробар арзонга тушгани ҳам дунё бўйича технология ва инновация маркази ҳисобланадиган АҚШдаги Кремний водийсига жиддий сигнал берди. Мазкур воқеалар фонида кўпчилик мутахассислар DeepSeek мисолидаги оламшумул ютуқ Хитойдек катта авторитаризмда ишлаб чиқилаётгани ҳали ҳам жумбоқ бўлиб қолаётганига эътибор қаратди.
Кўриниб турибдики, Хитойнинг иқтисодий ва технологик муваффақияти олимлар, сиёсий таҳлилчилар ўртасида ҳали узоқ вақт демократия тараққиётнинг асосий фактори экани ёки йўқлиги ҳақидаги баҳс-мунозараларга сабаб бўлиши тайин. DeepSeek Қўшма Штатлардаги компанияларнинг миллиардлаб доллар йўқотишига сабаб бўлган воқеалар фонида АҚШ Президенти Дональд Трамп 27 январь куни Флоридадаги тадбирда четдан кириб келадиган компьютер чипларига таърифларни оширмоқчи эканини маълум қилди. Очиғи, Трампнинг божларни ошириш сиёсати ҳақидаги сўзлари борган сари кулгили бўлиб бормоқда. Чунки у халқаро майдондаги муаммоларга ечим сифатида божларни оширишдан бошқа ҳеч нарсани таклиф қила олмаяпти. Трамп эса бу ёндашувни ишлаб чиқариш кўламини АҚШга қайтариш мақсади билан изоҳлаяпти. Шу билан бирга, у Конгрессни АҚШда товар ишлаб чиқарувчи компанияларнинг даромад солиғини жорий 21 фоиздан 15 фоизгача камайтиришга чақириб, Қўшма Штатларда маҳсулот ишлаб чиқаришни рағбатлантирмоқчи.
“Биз ишлаб чиқаришни мамлакатимизга қайтаришимиз керак. Маълумки, биз кунига битта кема қурардик. Энди биз буни қила олмаймиз. Ҳаммаси бошқа жойларга ва бошқа мамлакатларга кетди. Биз халқимиз, компанияларимиз ва мамлакатимизни божлар орқали ҳимоя қиламиз. Агар сиз солиқ ёки божларни тўлашни тўхтатмоқчи бўлсангиз, бу ерда Америкада заводларингизни қуришингиз керак. Ва бу рекорд даражада бўлади”, деди Трамп.
Трамп Фаластинни йўқ қилмоқчи
Исроил ва ҲАМАС ўртасида оташкесим бошлангандан буён бир неча бор асирлар ва маҳбуслар алмашинуви бўлиб ўтди ҳамда давом этмоқда. Ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув доирасида озод қилган 114 нафар фаластинлик Ғарбий Соҳилдаги Рамаллоҳ шаҳрига етиб борди. Рамаллоҳга юборилганлардан ташқари яна 70 нафари Мисрга, 16 нафари Ғазо секторига жўнатилди. Бунга жавобан, 25 январь куни ҲАМАС ҳаракати Ғазо секторида сақланаётган тўрт нафар исроиллик аёлни Халқаро Қизил Хоч қўмитаси вакилларига топширди. Уларнинг барчаси ҳарбий хизматчилар бўлиб, 2023 йил 7 октябрда Исроилга ҳужум пайтида ҲАМАС томонидан асирга олинган. Уларни Исроил армияси аскарлари қабул қилиб олган. Умумий ҳисобда улар асирликда 477 кун ўтказган. Қизлар Исроил разведка аскарлари бўлган. Уларнинг ёнларида ҲАМАСнинг “эсдалик совғалари” ҳам бўлган. 19 январь куни исроиллик гаровга олинганларни фаластинлик маҳбусларга биринчи алмашиш бўлиб ўтганди. ҲАМАС Ғазодаги Сарая майдонида уч нафар исроиллик аёлни озод қилиб, Халқаро Қизил Хоч жамиятига топширди. Келишув доирасида Исроил 20 январга ўтар кечаси 90 нафар фаластинлик маҳбусни озод қилди. ҲАМАС қўл остидаги 97 нафар исроилликдан 33 нафари олти ҳафта ичида озод этилиши керак. Ҳар бир тинч аҳоли учун Исроил 30 нафар фаластинликни, ҳар бир ҳарбий хизматчи учун эса 50 нафар фаластинликни озод қилиши белгиланган.
Бу орада эса 2024 йил 27 ноябрда кучга кирган Исроил ва Ливан ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш режими 18 февралгача узайтирилди. Унга кўра, икки мамлакат расмийлари оташкесимни жорий йилнинг 18 февралига қадар узайтиришга келишиб олган. Шунингдек, Ливан, Исроил ва АҚШ ҳукумати 2023 йил 7 октябрдан кейин қўлга олинган ливанлик маҳбусларни қайтариш бўйича музокараларни бошлаш ниятида. Шундай бўлишига қарамай, Исроил Ливан олдидаги мажбуриятларини кутилганидек тўлиқ бажармаётгани каби ҲАМАС билан Ғазо секторида ҳам шу сценарий такрорланяпти. Масалан, 27 январь куни кечқурун Исроил кучлари Ғазо сектори марказидаги Нусейрат қочқинлар лагерида от аравага ўқ узиши оқибатида беш ёшли қизалоқни ҳалок қилди, яна уч нафар фуқаро яраланди. Аскарлар анклав шимолидаги уйларига қайтаётган одамларга қарата ўт очган. ЦАХАЛ матбуот хизмати эса ўта уятли баҳона билан мазкур ҳаракатни изоҳлади. Унда айтилишича, Исроил аскарлари “Ғазо секторида жойлашган қўшинларга таҳдид солган гумондорларга қарши ҳаракат қилган”. 5 ёшли гўдак бор бўлган ва уйга қайтаётган от-арава қонхўр ЦАХАЛ жаллодларида “гумон” уйғотган.
“Ғазо секторининг бир қанча ҳудудларида бир неча гумонланувчи ЦАХАЛ қўшинларига яқинлашиб, уларга таҳдид солаётгани аниқланди. Қўшинлар улардан узоқлашиш учун ўт очди. Ғазо шимолида улар ўзларига таҳдид солган гумонланувчини аниқлади ва огоҳлантирувчи ўқ узди. Гумонланувчи узоқлашмади ва у қўшинларга хавф туғдиришни давом эттиргани учун таҳдидни бартараф этиш учун қўшимча ўқ узилди”, дейилади хабарда.
Маълумотларга кўра, 27 январь куни 300 мингдан ортиқ аҳолига имконият берилганидан кейин унинг шимолий туманларига қайтган. Ғазодаги 5 ёшли қизнинг ўлдирилиши шу воқеадан икки кун олдин Ғарбий Соҳилда Исроил кучлари томонидан қилинган ғайриинсоний ваҳшийлик олдида кўринмай ҳам қолди. Лаила ал-Хатиб исмли икки ёшли фаластинлик қизалоқ 25 январь куни бошига узилган ўқ оқибатида ҳалок қилинди. Марҳум қизалоқнинг ҳомиладор онаси ҳам ушбу ҳужумда енгил жароҳат олган. Ортда қолган бир ярим йил давомида инсон қиёфасини йўқотган ЦАХАЛ текширувлар пайтида ҳудудда фаластинлик жангчилар борлиги ҳақида маълумот олишгач, бинога ўт очилганини иддао қилган. Мазкур воқеанинг жонли гувоҳи бўлган Ал-Хатибнинг бувисига кўра, воқеа содир бўлганида оила кечки овқат қилаётган бўлган. Унга кўра, бирдан отишмалар содир бўлган ва деразалар синган. Онаси қизалоқни овқатлантираётганда снайпер ўқи унинг бошига теккан ва бу онага ҳам жароҳат етказган. Марҳума, икки ёшли қизалоқ Ал-Хатиб эса онасининг ягона фарзанди эди.
Шу тариқа Ғазодаги вазият бугун Исроилнинг чекланган жиноятлари билан бўлса-да, анча юмшаган пайтда Трамп араб давлатларига секторни бўшатиш ҳақида талаб кўринишидаги “таклиф” киритди. У Ғазо аҳолисини Иордания ва Мисрга кўчириб юборишни истамоқда. Аммо Миср ва Иордания Трампнинг бу сўровини дарҳол рад қилди. Негаки ғазоликларни сектордан чиқариб юбориш режалари узоқ йиллардан буён айтиб келинадиган, сийқаси чиққан ва ҳеч бир араб рози бўлмайдиган лойиҳа. Чунки секторни тарк этган фаластинликлар, қайта бу ерга киритилмаслигини ҳамма билади. Трампнинг гўёки, “ғазоликлар тинчлиги ва фаровонлигини ўйлаб” қилаётган бу таклифи шунчаки вақт ўтиб, Ғазога исроиллик кўчманчиларнинг киритилиши ва бу ҳудудда уларга уй-жой қуриш орқали муқим жойлаштириш учунгина холос. Ҳозирча Миср ва Иордания бу таклифни қатъий рад этган ҳолда ўзларининг тарихий позицияларини ўзгартирмаслигини билдирди. Агар сўнгги пайтларда Трампнинг ташқи сиёсатдаги ҳаракатларига назар ташланса, дастлаб, Сиси ва Абдулла II унинг бу таклифларини қабул қилишига ишониб адашган АҚШ Президентининг кейинги ҳаракатларини тахмин қилиш мумкин. Божларни ошириш. Аммо бахтга қарши Яқин Шарқда АҚШ қўллаши мумкин бўлган сон-саноқсиз ричаглар мавжуд. Бироқ нима бўлган тақдирда ҳам Ғазони бой бериш Фаластин давлатчилигини амалда йўқотишдир. Чунки Ғарбий Соҳилдан фарқли ўлароқ Ғазо бугун Фаластин танасининг бирдан-бир жонли органи ҳисобланади.
Тикланаётган Сурия
Бир неча кун олдин Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазири Файсал бин Фархон Ол Сауд Дамашққа ташрифи чоғида АҚШ, Европа Иттифоқи ва бошқа давлатлардан Сурияга қарши санкцияларнинг бекор қилиниши ҳақида ижобий хабарлар олганини айтганди. 27 январь куни эса Бельгия пойтахти Брюссель шаҳридаги йиғилишда Европа Иттифоқи Ташқи ишлар вазирлари Сурияга қарши сўнгги бир неча йил давомида амалда бўлган санкцияларни босқичма-босқич юмшатиш режасини келишиб олди. Бу ҳақда Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Кая Каллас Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди. Шунингдек, Калласнинг таъкидлашича, агар Суриянинг янги расмийлари нотўғри қадам ташласа, Европа мамлакатлари вакиллари бу қарорни қайта кўриб чиқиши мумкинлигини ҳам қўшимча қилди.
“Euronews”га кўра, ЕИ Ташқи ишлар вазирлари йиғилиши олдидан ЕИ Кенгаши Сурия бўйича музокаралар учун ҳужжат тайёрлаган. Ушбу ҳужжатда авиакомпанияларга, жумладан Сурия Араб Ҳаво йўлларига нисбатан санкцияларни бекор қилиш таклифи билан фуқаролик парвозларини соддалаштириш, нефть ва газ технологияларини экспорт қилишни тақиқлаш бўйича шартномани қайта кўриб чиқиш таклиф қилинган. Аммо қочқин Башар Асад ва унинг тарафдорларига қарши санкциялар ўз кучида қолади. Ушбу ҳужжатларга кўра, “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” гуруҳини террорчилик ташкилотлари рўйхатидан чиқариш масаласи БМТ Хавфсизлик Кенгаши даражасида ҳал этилиши керак. Маълумот ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, ЕИ 2012 йилдан бери Сурияга қарши иқтисодий санкциялар киритиб келарди. Бу, асосан, Сурия ҳукумати ва ҳарбий тузилмаларига таъсир қиларди. Ушбу чора-тадбирлар нефть эмбаргоси, айрим инвестицияларни чеклаш, Сурия Марказий банкининг Европа Иттифоқидаги активларини музлатиш ва репрессия учун ишлатилиши мумкин бўлган асбоб-ускуналар ва технологияларни экспорт қилишни чеклашдан иборат эди.
Баҳорда Россия босқини тўхтатилиши мумкин
Яқин Шарқда ҳозирча оташкесимлар амалда бўлган бир пайтда, тез орада Россиянинг Украинага босқинини тўхтатиш бўйича ҳам силжишлар бўлиши кутиляпти. “The Independent” нашри ўз манбаларига таяниб, АҚШ Президенти Дональд Трамп урушни баҳоргача Украина учун қулай шартларда якунлашни мақсад қилгани ҳақида хабар берди. Бироқ нашр манбаларидан бири ўзининг бу фикрини Украинадаги ҳукмрон “Халқ хизматчиси” партияси раҳбари Давид Арахамиянинг Трамп инаугурациясига ташрифи ва маросимда унга ҳурмат билан муносабатда бўлингани билан изоҳлаган холос. Бошқа манбаларга кўра эса, Трамп урушни ҳал қилиш масаласига жиддий ёндашмоқда ва Украина Президенти билан расмий учрашув яқин ҳафталарда бўлиб ўтиши кутиляпти.
Бироқ Трамп Украинага босқинни ҳайратланарли даражада қисқа вақт ичида тўхтатишга ишонишини айтган пайтдан буён ҳалигача томонларга бу борадаги ўзининг аниқ режасини тақдим этгани йўқ. Инаугурациядан сўнг Трамп, агар Владимир Путин қуролли можарони якунлашга рози бўлмаса, Россия маҳсулотларига тўлиқ экспорт эмбаргоси киритишгача борадиган санкцияларни кучайтиришини маълум қилди. Бундан ташқари, АҚШ Президенти ўз дипломатларига Москва ва Киевни музокаралар столига ўтказиш учун уч ой муддат берган. “The Moscow Times”нинг Россия Ташқи ишлар вазирлигига яқин манбалари маълумотига кўра, Трамп маъмуриятининг Кремль билан дастлабки алоқалари аллақачон амалга оширилган. Аммо иккала томон ҳам бу мулоқотларни омма олдида рад этиб келяпти. Жумладан, Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков 27 январь куни бўлиб ўтган брифингда музокаралар масаласида Вашингтон ҳозирча Москвага мурожаат қилмаганини билдирди. У 24 январда журналистлар билан суҳбат чоғида Путин Трамп билан мулоқотга тайёр эканини айтгани ва айни дамда ҳам Кремль икки давлат раҳбарлари ўртасида суҳбат ташкил этишга тайёр эканини қайта такрорлади.
“Ҳозирча биз америкаликлардан ҳеч қандай сигнал олмадик. Шунинг учун, улар айтганидек, ўз жадвалимиз бўйича ишлаймиз. Фақатгина бир хабар керак. Худди шу хабар Америка томонида қолмоқда. Кўринишидан, бу бироз вақт талаб этади. Қоидага кўра, бу давлат раҳбарлари томонидан бундай суҳбатни ташкил этиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаган пайтда муҳокама қилинади”, деган у.
Туркиянинг ҳукуматга яқин “Hürriyet” газетаси эса Украинадаги инқирозни тинч йўл билан бартараф этишга қаратилган музокаралар жорий йилнинг апрель-май ойларида бошланиши мумкинлиги ҳақида хабар берди. Нашр шарҳловчиси Абдулқодир Селви музокара учун эҳтимолий сценарийни тахмин қилди. Унга кўра, бу жараён бошланишидан олдин дастлаб, ўт очишни тўхтатиш эълон қилинади. Икки ўртадаги алоқаларда Туркия муайян вазифани ўз зиммасига олиши ва Президент Ражаб Тойиб Эрдўғанга воситачилик роли юклатилиши мумкин. Селви ўзининг бу фикрини Эрдўған бугунги кунда Путин ва Зеленский билан мулоқот қила оладиган ягона етакчи экани билан изоҳлади. Туркия Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан эса ўтган ҳафтада Украинадаги можаро бурилиш нуқтасига яқинлашаётганини ва Анқара уни ҳал этишга қаратилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирган эди. Бунгача Анқара бир неча бор Украинада адолатли ва барқарор тинчликка эришишга қаратилган барча ташаббусларни қўллаб-қувватлашини айтган ва буни 2022 йил март ойида урушнинг бошланғич палласидаёқ Истанбулда ўтказилган музокаралар мисолида исботлаган. Россияни музокаралар столига ўтказиш учун ЕИ ҳам зарур чоралар кўрмоқда. Хусусан, юқорида таъкидланган 27 январь куни Европа Иттифоқи мамлакатлари Ташқи ишлар вазирлари Сурияга қўйилган ўтмишдаги санкциялар юмшатилиши борасида бир тўхтамга келинган кунда улар Россия Федерациясига қарши санкцияларни узайтиришга келишиб олди.
“Ҳамма нарса вақтдан қўрқади, вақт эса Лукашенкодан”
Беларусни 30 йилдан бери бошқараётган Александр Лукашенко еттинчи муддатга қайта сайланади. Якуний натижалар сайловчиларнинг 86,82 фоиз қисми Лукашенкони қўллаб овоз берганини кўрсатди. Лукашенко эрталаб ўзи овоз берганидан сўнг, 4,5 соатлик матбуот анжумани ўтказди. У бу анжуманда ўз ворисини танлаш масаласини ҳозирча кўриб чиқмаётганини таъкидлади. Сайловда 31 йиллик доимий ўзгармас шахсдан бошқа яна беш нафар номзод қатнашди ва уларнинг бирортаси ҳатто 3,5 фоиздан кўпроқ овоз тўплай олмади. Маълумот учун, 2020 йилда Беларусда президентлик сайловларидан сўнг кўп кунлик норозилик намойишлари бўлиб ўтган эди. Уларнинг иштирокчилари Александр Лукашенконинг ғалабасини тан олишни рад этган. Ушбу сайловларда бир қатор мухолифат вакиллари иштирок этишга уриниб кўрган, аммо уларнинг баъзилари сайловолди жараёнларидан четлатилган ёки қамоққа олинган. Масалан, Сергей Тихановский сайлов олдидан қамоққа олинган ва 2021 йилда 18 йилга озодликдан маҳрум этилган. Банкир Виктор Бабарико сайловда қатнашиш учун ариза топширган, бироқ рўйхатдан ўтказилмаган. 2021 йилда молиявий жиноятларда айбланиб, 14 йилга қамалган. Шунингдек, яна бир оппонент тадбиркор Валерий Цепкалога ҳам қидирув эълон қилинганди. Шундан сўнг, у Беларусни тарк этган ва сиртдан 17 йилга озодликдан маҳрум қилинган. 2020 йилги сайловларда Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, Лукашенко 80,1 фоиз овоз билан ғолиб бўлган, мухолифат номзоди Светлана Тихановская эса 10,12 фоиз овоз олган. Сайловдан сўнг Тихановская Беларусни тарк этган ва хорижда сиёсий фаолиятини давом эттирган. У ҳам 2023 йилда сиртдан 15 йилга қамалган. 2020 йилдаги сайлов ва ундан кейинги можаролар Беларусь фуқароси Александр Лукашенкони “ёпишиб олган ўрнидан” айрилиш ҳақида бироз бўлса-да ўйлашга мажбур қилди. 2021 йил сўнгида у конституцияга ўзгартиришлар киритишга ваъда берди. 2022 йилда эса Беларусда Конституцияга ўзгартириш киритиш бўйича референдум ўтказилди. Ушбу ўзгаришларга кўра, президент кетма-кет икки муддатдан ортиқ лавозимни эгаллай олмаслиги ва президент лавозимидан кетганидан кейин жавобгарликка тортилмаслиги белгиланди. Хуллас, шу тариқа Европа заминидаги ягона автократ еттинчи бор қайта сайланди. Қайта сайланди ёки яна эгаллади? Албатта, бу сўроқ остида. Сабаби сайловлар қуйидагича кўриниш олган.
BBC журналисти Стив Розенберг: Биз бошқа номзодлар билан гаплашдик. Улардан бири сизни очиқчасига қўлламоқда. Сизнинг рақибингиз! Яна бири эса сизни мақтаяпти. Бу пойга ғалати эмасми?
Лукашенко : Стив, бу сен учун янги тажриба.
Шуни қайд этиш жоизки, Лукашенко 1994 йилдан то бугунгача, яъни 31 йил мобайнида сайловларда етти марта “устун” келган бўлишига қарамай, уларнинг фақатгина биттаси халқаро миқёсда кенг тан олинган. Бу ҳам бўлса, унинг илк 1994 йилги ғалабасидир. Лукашенко мавзуси, унинг 7-муддати ва 31 йили муҳокама марказида бўлиб турган маҳал бу борада ундан ўтиб тушадиган ва ҳатто унга ҳокимиятда ўлгунча қолишнинг ҳадисини бера оладиган африкалик отахон, Камерун Президенти, 91 ёшли Пол Бийя 2025 йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида ўз номзодини қўйишини айтди. Бийя ҳокимият тепасига келган 1982 йилдан бери у дунёдаги энг узоқ вақт ҳукмронлик қилган етакчилардан бирига айланиб улгурган. Бу сайлов у учун саккизинчидир. Ҳа, бир пайтлар вақт ва пирамида масаласида айтилган машҳур ибора бугун 31 ва 43 йиллик қўзғалмас ушбу икки шахс учун ҳам мос тушадигандек. “Ҳамма нарса вақтдан қўрқади, вақт эса Лукашенко ва Пол Бийядан”. Аммо бу икки автократ учун кўпроқ Марк Твеннинг “таглик ва сиёсатчилар бир сабабга кўра тез-тез алмаштириб турилиши лозим” деган сўзидан ўзга лойиқроқ сўз йўқ.
LiveБарчаси
18 Февраль
18 Февраль