Трамп чиқинди ташиш машинасида сайр қилди
Олам
−
09:49
2029Кеча, 30 октябрь куни АҚШда республикачилар партиясидан президентликка номзод Дональд Трамп чиқинди ташувчи машинада сайр қилди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Қайд этилишича, сиёсатчи шу тариқа амалдаги Президент Жо Байденнинг Трамп тарафдорларини “чиқинди” деган сўзларига жавоб қайтарган. Байден тегишли баёнотни Нью-Йоркда ўтказилган Трампнинг сайловолди митингида комик Тони Хинчклиффнинг Пуэрто-Рикони “сузиб юрувчи чиқинди ороли” деб атаган сўзларига муносабат тариқасида айтган. АҚШ раҳбари ўз нутқида Пуэрто-Рико аҳолиси “яхши, тартибли одамлар” эканини алоҳида таъкидлаган.
“Мен кўраётган ягона чиқинди — бу унинг (Трампнинг) тарафдорларидир”, деган Байден.
Кейинроқ Оқ уй Президент Трамп тарафдорларини эмас, айнан комикни назарда тутганини билдирган. Тушунмовчилик апостроф белгиси туфайли юзага келгани айтилган. Бунга жавобан Трамп қуйидагича муносабат берган:
“Байденнинг баёноти чин маънода шармандали. Менинг чиқинди ташувчи машинам қандай экан? Бу Камола ва Жо Байден шарафига”, дейди Трамп машинадан бошини чиқариб.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Жо Байден президентлик сайлови учун муддатидан олдин овоз берганди. У бунинг учун бошқа сайловчилар билан бирга қарийб 40 дақиқа навбатда турган.
Шунингдек, 50 млн америкалик сайловлардан 1 ҳафта олдин ўз танловини амалга ошириб бўлган. Нашрга кўра, сайлов кунига етти кун қолганида 50,5 миллиондан ортиқ америкалик аллақачон овоз бериб бўлган.
LiveБарчаси
30 Октябрь