Байден президентлик сайловида муддатидан олдин овоз берди (видео)
Олам
−
30 Октябрь
3768АҚШ Президенти Жо Байден президентлик сайлови учун муддатидан олдин овоз берди. Шунингдек, 50 млн америкалик сайловлардан 1 ҳафта олдин ўз танловини амалга ошириб бўлди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
АҚШ Президенти Жо Байден Делавэр штатидаги Ньюкасл шаҳрида жойлашган участкада мамлакат президенти сайловлари учун муддатидан олдин овоз берди. У бунинг учун бошқа сайловчилар билан бирга қарийб 40 дақиқа навбатда турган.
Нашрга кўра, сайлов кунига етти кун қолганида 50,5 миллиондан ортиқ америкалик аллақачон овоз бериб бўлган. CNN муддатидан олдин овоз бериш имконияти мавжуд бўлган 36 штатда овоз бераётганлар сонини кузатмоқда, шунингдек, муддатидан олдин овоз бериш кўрсаткичлари тўрт йил аввалги – COVID-19 пандемияси пайтида рекорд даражадаги овоз бериш кўрсаткичлари билан таққосланмоқда. Нашрнинг ёзишича, COVID-19 пандемияси даврида айрим сайловчилар ижтимоий масофани сақлаш бўйича тавсияларга амал қилган ҳолда шахсан овоз беришдан чекланган ва буни почта орқали амалга оширган.
“Тўрт йилдан сўнг, мамлакат пандемиядан чиққан бир пайтда, кўпроқ сайловчилар муддатидан олдин ёки сайлов кунида шахсан овоз беришга қайтиши кутилмоқда”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, АҚШнинг 47-Президенти сайловлари жорий йилнинг 5 ноябрида бўлиб ўтади. Бу лавозим учун демократлар партиясидан Камола Ҳаррис, республикачилар партиясидан эса Дональд Трамп номзодлик қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Microsoft корпорацияси асосчиси, миллиардер Билл Гейтс АҚШ вице-президенти ва Демократик партиядан мамлакат президентлигига номзод Камола Ҳарриснинг сайловолди кампаниясини қўллаб-қувватловчи нодавлат ташкилотга 50 миллион доллар хайрия қилган эди.
LiveБарчаси