Трамп 3 давлат маҳсулотларига нисбатан божни оширмоқчи
Олам
−
26 Ноябрь
8042АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп ўз лавозимига киришганидан сўнг Мексика, Канада ва Хитой маҳсулотларига бож тўловларининг миқдорини оширади. Бу ҳақда у ўзининг Truth Social саҳифасида ёзди.
“2025 йилнинг 20 январь куни мен Мексика ва Канададан Қўшма Штатларга келадиган барча маҳсулотлар ва унинг очиқ чегаралари учун 25 фоизлик солиқ ундириш учун барча зарур ҳужжатларни имзолайман”, дейди Трамп.
Унинг таъкидлашича, ушбу тариф мамлакатга гиёҳванд моддалар ва ноқонуний мигрантлар кириб келиши тўхтамагунча амал қилади.
Шунингдек, Трамп Хитойдан импорт қилинадиган барча маҳсулотларга қўшимча 10 фоиз солиқ жорий этишини ҳам маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, Хитой томонидан АҚШга кириб келаётган гиёҳванд моддаларни тақиқлаш борасида мамлакат расмийлари билан бир неча марта гаплашган.
Хитойлик расмийлар ушбу ҳолатга ўз муносабатини билдириб, гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланадиганларга нисбатан ўлим жазосини қўллашни ваъда қилган. Бироқ мамлакатга гиёҳванд моддалар кириб келишда давом этмоқда.
Маълумот учун, АҚШнинг амалдаги Президенти Жо Байден президентлиги даврида мигрантларни ҳибсга олиш рекорд даражага етган, бу йил Байден янги чегара чекловларини жорий этгани ва Мексикада қонунни кучайтиргани сабабли ноқонуний ўтиш кескин камайганди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШнинг амалдаги Президенти Жо Байден Перуда ХХР Раиси Си Цзиньпин билан учрашиб, икки мамлакатнинг Байденнинг тўрт йиллик президентлиги давомидаги муносабатларини сарҳисоб қилганди. Хитой раҳбари эса Дональд Трамп яна АҚШ президенти бўлганидан кейин Вашингтон билан алоқалар “силлиқ транзит” бўлишига умид билдирган.
Моҳинур Каримова
LiveБарчаси
26 Ноябрь