Тожсиз Хокон VIII Норвегия тахтига ўтирди (фото)
Олам
−
20:36 543 2 дақиқа
Бугун, 1 сентябрь куни Норвегиянинг янги қироли Хокон VIII Стортингда (Норвегия парламентида) қасамёд қабул қилди. Бу ҳақда VG хабар берди.
Қайд этилишича, Хокон VIII қироллик саройидан парламентга 1966 йилда чиқарилган Lincoln Continental A-5 автомобилида йўл олган. Бу автомобилдан 1968 йилда унинг ота-онаси – бўлажак қирол Харальд V ва қиролича Сонянинг никоҳ тўйида фойдаланилган.



“Мен Норвегия Қироллигини унинг Конституцияси ва қонунларига мувофиқ бошқаришга ваъда бераман ва қасам ичаман. Мен ва қиролича мамлакат ҳамда халқ олдидаги бурчимизни бажаришга тайёр эканимизни тасдиқлаймиз”, дейди монарх маросимда.

Қиролга валиаҳд малика Ингрид Александра ҳамроҳлик қилган. Маросимда, шунингдек, қиролича Соня (қирол Харальд V нинг беваси) ва шаҳзода Сверре Магнус ҳам иштирок этган. Хоконнинг рафиқаси, қиролича Метте-Марит маросимда қатнашмаган. Қироллик хонадони унинг жорий йил июнь ойида ўтказилган ўпка кўчириб ўтказиш амалиётидан кейинги асоратлар сабабли иштирокини бекор қилганини маълум қилган.ъ



Хокон Норвегия монархияси учун мураккаб даврда тахтга ўтирган. 2026 йилнинг бошида унинг рафиқаси Метте-Марит молиячи Жеффри Эпштейн билан ёзишмалари эълон қилингач, босим остида қолган эди.
Обрў-эътиборга берилган яна бир зарба Хоконнинг ўгай ўғли ва Метте-Маритнинг фарзанди Мариус Борг Хёйбига ўқилган суд ҳукми бўлди. У икки аёлни зўрлашда, шунингдек, собиқ севгилисига шафқатсиз муносабатда бўлишда айбдор деб топилди. У тўрт йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Эслатиб ўтамиз, қирол Харальд V жорий йилнинг 28 август куни 89 ёшида вафот этганди. У мамлакатни 35 йилдан ортиқ вақт давомида бошқарган. Харальд 9 сентябрь куни Ослода дафн этилади.
Live
Барчаси