Ҳоланд ўз фамилиясидан фойдаланиш ҳуқуқи учун электрчи билан судлашмоқда
Спорт
−
603 2 дақиқа
Норвегия терма жамоаси ва “Манчестер Сити” ҳужумчиси Эрлинг Ҳоланд ўз фамилиясини савдо белгиси сифатида рўйхатдан ўтказган поляк электрчисига қарши судга мурожаат қилди. Бу ҳақда “The Sun” нашри хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, 2023 йилда Ҳоланд ўз маҳсулотлар линиясини ишга тушириш мақсадида фамилиясини савдо белгиси сифатида рўйхатдан ўтказишга уринган. Бироқ у “Haaland” бренди аллақачон Норвегия ва бутун Европа Иттифоқида фаолият юритувчи Польша фуқароси Михал Вонсга тегишли эканини аниқлаган.
Футболчининг аризаси спорт кийимлари, оқсил қўшимчалари, энергетик ичимликлар, спорт сумкалари, аёллар ички кийимлари, алкоголли ичимликлар, йогурт ва ўйинчоқлар каби 16 та маҳсулот тоифасини қамраб олган.
Электрчининг таъкидлашича, “Haaland” унинг “High Advanced Activity Land” бренди қисқартмаси ҳисобланади.
Европа Иттифоқининг Интеллектуал мулк идораси (EUIPO) эса футболчи томонини қўллаб-қувватлаб, электрчининг далилларини ишонарсиз деб топди.
“Агар сўзнинг дастлабки учта ҳарфи ‘High Advanced Activity’ иборасининг қисқартмаси сифатида ишлатилиши кўзда тутилган бўлса, ‘Haaland’ сўзини ҳеч қандай тиниш белгиларисиз савдо белгиси сифатида ҳимоя қилишдан маъно йўқ”, дейилади қарорда.
Якунда комиссия Вонс Ҳоланднинг номи ва машҳурлигидан фойда олиш мақсадида ёмон ният билан ҳаракат қилган, деган хулосага келди. Нашрнинг хабар беришича, электрчи ушбу қарор устидан апелляция шикояти бермоқчи.
Маълумот учун, 26 ёшли Ҳоланд 2022 йилнинг ёзида “Манчестер Сити”га қўшилган. Норвегиялик футболчи клуб сафида икки марта Англия чемпионлиги ва Англия кубогини, шунингдек, Англия Суперкубоги, Лига кубоги, Чемпионлар лигаси ҳамда UEFA Суперкубоги совринларини қўлга киритган. Жорий мавсумда ҳужумчи жамоа сафида 15 та учрашувда майдонга тушиб, 14 та гол урди.
Live
Барчаси