Тожикистон пойтахтида Марказий Осиёнинг энг баланд биноси қурилади (видео)
World
−
12:23 341 2 minutes
пойтахти Душанбе шаҳрида 77 қаватли, баландлиги 340 метр бўлган “Душанбе” минораси ва 52 та объектдан иборат йирик меъморий мажмуа қурилиши бошланди. Бу ҳақда “AsiaPlus” хабар берди.
Қайд этилишича, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон ва Душанбе мэри Рустам Эмомали жорий йилнинг 3 сентябрь куни пойтахтнинг Шоҳмансур туманида мажмуа қурилишига Тожикистон тамал тошини қўйди.
“Душанбе” минораси мажмуанинг марказий объекти бўлиб, қурилиши якунлангач, у минтақадаги энг баланд иншоотга айланади. Мажмуа жами 52 та объектни, жумладан 5 та баланд қаватли минора ва минтақадаги энг йирик савдо-кўнгилочар марказини ўз ичига олади.
Маълумотларга кўра, лойиҳа доирасида меҳмонхона, кафе ва ресторанлар, савдо майдонлари, офислар, 1000 ўринли концерт зали, кинотеатр, болалар майдони, спорт мажмуаси, парк ва кўл барпо этилади.
Шунингдек, 6160 та хонадонга мўлжалланган 42 та турар жой биноси, 1200 ўқувчига мўлжалланган умумтаълим муассасаси ва 500 ўринли болалар боғчаси қурилади.
Мажмуа эгаллайдиган ҳудуд 29 гектарни ташкил этади. Қурилиш ишлари якунлангач, бу ерда умумий майдони 270 минг квадрат метр бўлган замонавий турар жой ва ишбилармонлик кластери ташкил этилади. Лойиҳа натижасида 4300 дан ортиқ янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда.
Қурилиш ишларини “TAS international Group” компанияси амалга оширади. Лойиҳани беш йилда якунлаш режалаштирилган. Қурилишда 2000 дан ортиқ маҳаллий қурувчи иштирок этади.
Ишлаб чиқувчиларга кўра, мажмуа рақамли бошқарув технологияларидан фойдаланган ҳолда тижорий, сайёҳлик, турар жой ва ижтимоий объектларни бирлаштирган замонавий шаҳарсозлик намунаси бўлиши керак.
Эмомали Раҳмон лойиҳа билан танишиш чоғида масъулларга қурилиш ишларини юқори сифатда амалга ошириш ҳамда жаҳон талабларига мос замонавий меъморий ечимлардан фойдаланиш бўйича топшириқ берди.
Аввалроқ, мажмуа лойиҳасини тайёрлаш учун масъул бўлган Cool Design Studio компанияси қурилишда Тожикистон компанияларидан ташқари Ўзбекистон, Россия ва Бирлашган Араб Амирликларининг ихтисослашган компаниялари ҳам иштирок этишини маълум қилган.
Мажмуа А. Дониш, Н. Муҳаммад, А. Деҳлавий, А. Лоҳутий, А. Адҳамов, Ф. Аттор ва С. Шедрин кўчалари оралиғида жойлашади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухоро туманида 40 минг томошабинга мўлжалланган замонавий футбол стадиони қурилиши режалаштирилаётгани ҳақида хабар берилган эди.