Тожикистон Қирғизистонни ўзига қарши ахборот урушида айблади
Олам
−
19 Сентябрь 2022
5008Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Қирғизистон томонини “тажовузкор” образини яратиш мақсадида Душанбега қарши ахборот кампаниясини давом эттираётганликда айблади. Бу ҳақда вазирлик баёнотида сўз боради.
“Сўнгги кунларда қирғиз томони ўз қўшниси юзида “тажовузкор” қиёфасини яратиш мақсадида очиқ ёлғон ва иғволардан четга чиқмай, Тожикистонга қарши ахборот кампаниясини давом эттирмоқда ва шу орқали чегара ҳудудида кескинликни кучайтирмоқда. 17 сентябр куни Қирғизистон Президенти халққа мурожаатида Тожикистонга нисбатан “душман” сўзини ишлатган”, дейилади Тожикистон ТИВ баёнотида.
Департаментнинг қайд этишича, можаро пайтида камида 30 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган.
Вазирликнинг билдиришича, ўт очишни тўхтатиш ва музокараларга қарамай, Қирғизистон “асосан, Исфара ва Бобожон Ғофуров туманларидаги фуқаролик нишонларига, жумладан мактаблар, масжидлар ва турар-жой биноларига зарба беришда давом этган”. Худди шундай баёнотлар Қирғизистон томонидан ҳам эълон қилинмоқда.
Тожикистон ўз навбатида Қирғизистон жанговар вертолётлар ва ҳужумчи дронлардан фойдаланаётганидан хавотирда. Овчи-Калачадаги мактаб ва масжидга учувчисиз учоқлардан қилинган ҳужумлар натижасида 18 киши ҳалок бўлган, йигирмадан ортиқ киши жароҳатланган.
Вазирлик, шунингдек, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ўша куни Қирғизистон халқига йўллаган Мурожаатномасида Тожикистонга нисбатан “душман” сўзини қўллаганига тўхталиб, бу “дўстлик ва яхши қўшничилик руҳига тўғри келмаслиги”дан афсусда эканлигини билдирди.
Тожикистон ва Қирғизистон чегарачилари ўртасида жанглар 14 сентябрь куни бошланди ва икки давлат ўртасидаги умумий чегаранинг бутун периметри бўйлаб олиб борилди. 16 сентябрь куни Тожикистон ва Қирғизистон раҳбарлари Имомали Раҳмон ва Садир Жапаров Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида ўт очишни тўхтатиш ва можарони сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал этиш бўйича келишиб олди. Бироқ, ўша куни кечқурун ҳарбий ҳаракатлар яна бошланди ва 17 сентябрь куни умумий чегаранинг алоҳида участкаларида давом этди.
Умумий ҳисобда Бишкек ва Душанбе уч марта ўт очишни тўхтатишга келишди. Аммо сулҳлар узоқ яшамади.
LiveБарчаси