Тожикистон ҳарбийлари ва захирадаги аскарлар “хавф” сигнали билан оёққа турғизилди
Олам
−
22 Июль 2021
16958Бугун, 22 июль куни соат 4:00 да Тожикистоннинг барча ҳарбий гарнизонлари "хавф" сигнали билан оёққа турғизилди. Бунга мамлакат бўйлаб бир кунлик “Марз-2021” ҳарбий машғулотлари ўтказилиши сабаб бўлди. Хавотир сигнали Тожикистон Қуролли кучлари Олий Қўмондони, мамлакат Президенти Имомали Раҳмон топшириғи билан берилди.
Машқларда 100 мингдан ортиқ аскар ва офицерлар, Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ва бошқа куч тузилмалари, шунингдек, миллий армиянинг 130 мингга яқин захирадаги ҳарбий хизматчилар қатнашади.
Мудофаа вазири генерал-полковник Шерали Мирзо, Душанбе шаҳар мэри Рустам Имомали, Тоғли Бадахшон автоном вилояти бошлиғи захирадаги подполковник Ёдгор Файзов, Сўғд вилояти раҳбари захирадаги полковник Ражаббой Аҳмадзода ва Хатлон вилояти раҳбари захирадаги полковник Қурбон Ҳакимзода Президентга ҳарбий гарнизонларнинг тайёрлиги тўғрисида ахборот берган.
Машғулотларда Тожикистон Қуролли Кучлари арсеналида мавжуд бўлган қурол-яроғлар, зирҳли техника, жанговар ва транспорт самолётлари, артиллерия ва транспорт воситалари ҳаракатга келтирилди.
Машқлар якунида Тожикистон Миллий гвардияси ҳудудида ҳарбий парад ўтказилди. Унда 10 мингдан ортиқ аскар ва зобитлар, ҳарбий техника тантанали марш ўтказган.
Имомал Раҳмон мамлакат ҳукуматининг хавфсизлик блоки раҳбарияти олдида сўзлаган нутқида армиянинг барча аскарлари ва зобитлари, миллий Қуролли кучларнинг захирадаги ҳарбийларига машғулотларни тезкорлик билан ўтказгани учун миннатдорлик билдирган. У бундай машғулотларни йилда 1-2 марта ўтказиш муҳимлигини таъкидлаган.
Раҳмон бундай кенг кўламли ҳарбий машғулот Тожикистонда илк бор ўтказилаётганини қўшимча қилган. Бундай машғулот ўтказилишига қўшни Афғонистонда вазиятнинг кескинлашуви сабаб бўлган.
Президент Имомали Раҳмон ҳарбий парад иштирокчиларига сўзлаган нутқида Тожикистон ҳукумати мамлакатда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш учун барча чораларни кўришини айтди.
Шу билан бирга, у Aфғонистон инқирозини куч билан енгиб бўлмаслигини, фақат тинчлик музокаралари ва урушаётган томонларнинг розилиги Aфғонистон заминида тинчлик ва тотувликни тиклаши мумкинлигини таъкидлади.
Аввалроқ, Тожикистоннинг Жайхун туманида афғонистонлик қочқинлар учун вақтинчалик марказ қурилиши ҳақида хабар берган эдик.
Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик
Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди.
Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, Италия, Австралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.
Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.