“Хуш омадед!” Тожикистон афғон қочқинлари учун лагер қурмоқчи

Олам

image

Тожикистоннинг Жайхун туманида афғонистонлик қочқинлар учун вақтинчалик марказ қурилади. Бунинг учун Хатлон вилояти бюджетидан зарур миқдорда маблағ ва ер ажратилади. Бу ҳақда вилоят раҳбари Қурбон Ҳакимзода кеча, 19 июль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

Қайд этилишича, вилоят раҳбари бошқа тафсилотларни баён қилмаган, фақат қурилиш Тожикистон Ички ишлар вазирлиги томонидан халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилишини айтган.

Шунингдек, Қурбон Ҳакимзода биринчи бўлиб Афғонистондан Тожикистон давлат чегарасини бузиб ўтганлар 113 нафардан иборат қуролланган афғон ҳарбийлари бўлганини қўшимча қилган.

“Биз уларни қабул қилдик, чодирлар ва иссиқ овқат билан таъминладик. 94 киши Шамсиддин Шоҳин тумани ҳудудидан чегарани кесиб ўтган. Чегара ҳудудидаги бозорда улар учун чодирлар лагери ташкил этилди. Худди шундай марказлашган лагер Мўминобод вилояти ҳудудида ҳам ташкил этилган”, дея таъкидлаган вилоят раҳбари.

Вилоят раҳбарининг сўзларига кўра, Хатлон вилояти ҳудудида бўлган қочқинларнинг барчаси Кўлоб ва Қобул шаҳарлардаги аэропортлар орқали Ватанига қайтарилган.

“Бир нарсани унутмаслик керак, мамлакатимизда фуқаролик уруши бўлган вақтларда афғонлар бизнинг фуқароларимизни қабул қилган, ойлар мобайнида овқат ва жой билан таъминлган. Бугун эса уларнинг ўзи мусибатда ва биз шунчаки инсонийлик нуқтайи назаридан уларга ёрдам беришимиз шарт. Албатта, хавфсизлик ва санитария нормаларини ҳисобга олган ҳолда”, дея таъкидлайди Ҳакимзода.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 17-18 июль кунлари Тожикистоннинг Мурғоб вилоятида бўлиб турган 345 нафар афғонистонлик қочқинлар ўзларининг доимий яшаш жойларига, аниқроғи Афғонистоннинг Бадахшон вилоятига қайтарилди

Жорий йилнинг 15 июль куни Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги ушбу қочқинлар этник қирғизлардан бўлгани сабабли баёнот билан чиқиб, уларни ўз ҳудудига қабул қилишга тайёр эканини маълум қилганди.

Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги нотинчлик

Қайд этиш керакки, Ағонистон аҳолисининг қўшни давлатларга қочиб ўтиши мамлакатда юзага келган нотинчлик ва ҳарбий кескинлик билан боғлиқ. Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди. 

Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, Италия, Австралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.

Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

60

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг