“Толибон” эффекти: Қирғизистон афғонистонлик қочқинларни қабул қилмоқчи

Олам

image

Қирғизистон афғонистонлик этник қирғизларни қабул қилишга тайёр ва бу жараёнда БМТ ҳамда Тожикистондан ёрдам сўрамоқда. Бу ҳақда Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар қилди.

“Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) Марказий Осиёдаги Қочқинлар бўйича Олий Комиссарлиги Минтақавий идорасига ва Қирғизистондаги БМТ Қочқинлар бўйича бюросига Тожикистон республикасида вақтинча бўлиб турган афғонистонлик этник қирғизлари билан боғлиқ вазият юзасидан мурожаат қилиб, уларни Тожикистон Республикасидан Қирғизистон Республикасига эвакуация қилишни ташкил қилишда ёрдам сўради”, дейилади Матбуот хизмати хабарида.

Шунингдек, Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигига афғонистонлик этник қирғизларни қирғиз-тожик давлат чегарасидаги назорат пунктларига хавфсиз етиб бориши учун кўмак бериш тўғрисида илтимоснома юборган.

“Ҳозирда Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Тожикистон ҳукумати ва БМТ Қочқинлар ишлари бўйича Олий комиссарлиги билан афғонистонлик этник қирғизларни Қирғизистон Республикаси ҳудудига эвакуация қилиш бўйича тегишли ишларни олиб бормоқда. Ўз навбатида, Қирғизистон томони Тожикистон Республикаси ҳукуматининг халқаро мажбуриятларига мувофиқ эвакуация масаласини тезкор ҳал қилиш учун максимал даражада ёрдам беришига умид қилмоқда”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистон Чегара хизмати жорий йилнинг 13-14 июль кунлари қирғиз миллатига мансуб афғонларнинг 347 нафари (шу жумладан 91 эркак, 77 аёл, 177 вояга этмаган бола: 64 ўғил, 113 қиз) Тожикистонга ўтгани ҳақида хабар берганди.

Қайд этилишича, уларнинг барчаси Афғонистоннинг Бадахшон вилояти, Вахон туманидаги Андемин қишлоғининг аҳолиси. Давлат чегарасини кесиб ўтишда икки гўдак вафот этган. Айни вақтда қочқинлар Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон автоном вилояти Мурғоб туманида бўлиб турибди.

Афғонистоннинг Тожикистондаги элчихонаси маълум қилишича, 13-14 июль кунлари чегарани кесиб ўтганлардан ташқари барча афғон қочқинлари ўз ватанларига қайтарилган. Уларнинг сони мингдан ошиқ ва аксарияти, чегарачи ҳарбийлар бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

184

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг