“Толибон”дан қочган этник қирғизлар Афғонистонга қайтарилди
Олам
−
19 Июль 2021
6036Жорий йилнинг 17-18 июль кунлари Тожикистоннинг Мурғоб вилоятида бўлиб турган 345 нафар афғонистонлик қирғизлар ўзларининг доимий яшаш жойларига, аниқроғи Афғонистоннинг Бадахшон вилоятига қайтарилди. Бу ҳақда Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) чегара қўшинлари Матбуот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, қочқинлар ватанига 4 минг бош уй ҳайвонлари ва транспорт воситалари билан қайтган. Чегара агентлиги маълумотларига кўра, афғон қочқинларининг хавфсизлиги Афғонистон ҳукумати томонидан кафолатланганидан сўнг, уларни қайтариш Тожикистоннинг Мурғоб вилояти чегара ҳудуди орқали амалга оширилган.
“Афғон қочқинлари Мурғоб вилоятининг Чоштепа ва Дуютук ҳудудларида бўлган вақтларида БМТнинг “Қочоқлар мақоми тўғрисида”ги конвенциясига мувофиқ, Тожикистон томонидан вақтинча яшаш, озиқ-овқат, кийим-кечак ва тиббий хизмат учун тегишли буюмлар билан таъминланган”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Афғонистондаги ҳарбий кескинлик сабаб жорий йилнинг 13-14 июль кунлари 347 нафар тинч аҳоли вакиллари (шу жумладан 91 нафар эркак, 77 нафар аёл, 177 нафар вояга этмаган (64 нафар ўғил, 113 нафар қиз) этник қирғиз бўлган афғонистонликлар чегарадан ўтиб, Тожикистонга қочиб кетганди. Давлат чегарасини кесиб ўтишда икки гўдак вафот этган.
Ушбу воқеаларга муносабат билдирган Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги жорий йилнинг 15 июль куни баёнот билан чиқиб, афғонистонлик этник қирғизларни ўз ҳудудига қабул қилишга тайёр эканини маълум қилганди.
Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик
Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди.
Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, Италия, Австралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.
Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.
LiveБарчаси