“Толибон” Ўзбекистонга хавф туғдиряптими?
Интервью
−
18 Июль 2021
27505Маълумки, АҚШ ва НАТО қўшинлари Афғонистонни тарк этиши фонида мамлакатда давлат қуришга интилаётган “Толибон” ҳаракати анча фаоллашган. Ҳаракат айни вақтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, толиблар бир қатор қўшни давлатлар – Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Афғонистон жануб тарафдан Ўзбекистоннинг қўшниси саналади ва Афғонистонда кузатилаётган воқеаларни Ўзбекистонга буткул таъсирсиз, деб айтиш қийин.
Хўш, “Толибон”нинг афғон заминида кун сайин кучланиб, қулочи ёйилиб бориши Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан яқин қўшниси бўлган Ўзбекистонга хавф туғдирадими? Ушбу савол билан QALAMPIR.UZ раҳбари Қамариддин Шайхов Туркия ташқи сиёсат институти директори, академик, профессор, сиёсий фанлар доктори Ҳусайин Бағчига юзланди.
“Ҳозирча шуни айтишимиз мумкин: “Толибон” ҳаракатининг сиёсий маънода кучи қандай бўлишини кўрамиз. Яъни “Толибон”нинг Афғонистон ичидаги кучи ва салоҳияти қандай? Барчамизга маълумки, “Толибон” катта ҳарбий куч эмас. Яъни, “Толибон” бир давлат қуриши учун жуда узоқ вақт керак бўлади. Давлат қуриш осон иш эмас, албатта. Ҳурматли Ашраф Ғани ва “Толибон” вакиллари орасида ўтказиладиган учрашув ва музокаралар ҳам бу масалаларга анча ойдинлик киритади.
“Толибон” ҳаракати минтақада 2000 йиллардан кейин пайдо бўлиб, кундан-кунга кучайиб келган ҳаракат сифатида кўрилади. “Time” газетасининг 2001 йилдаги сонида “Толибон”нинг куни битди”, деган сарлавҳа билан бир мақола эълон қилинган эди. Орадан 20 йил вақт ўтди ва вазият тамоман тескари бир ҳолга келди. Бунда америкалик таҳлилчиларнинг нақадар катта хато қилганини кўриш мумкин.
Шу боис Афғонистондаги вазият ва воқеалар ривожининг бу минтақада яшаётган одамлар, қўшни мамлакатлар – Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон учун яқин келажакда таҳдид ва хавф туғдирмаслиги учун муҳокама, музокаралар ўтказиш ва шунга қараб чора-тадбир олиш керак.
Мен “Толибон” минтақа бўйлаб ёйиладиган сиёсат юритади, деб ўйламайман. Ёки аскарлари билан масалан Ўзбекистонга ҳужум қилади, деб ҳам ўйламайман. Уларнинг бундай имконияти йўқ. Қуроли йўқ, аскари йўқ, ҳарбий салоҳияти йўқ ва бу нарсалар бир кунда амалга ошадиган ишлар эмас”, дейди академик Ҳусайин Бағчи.
Маълумки, жорий йилнинг 15-16 июль кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусида халқаро конференция ўткизилди. Унда Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон ҳам иштирок этди. Туркия ташқи сиёсат институти Ҳусайин Бағчи QALAMPIR.UZ билан суҳбатда давом этаркан, расмий Тошкентнинг Афғонистон борасидаги ташаббусларини олқишлади.
“Мазкур конференциянинг Ўзбекистонда ўтказилишининг айни вақти. Мавзу Афғонистон ва Жанубий Осиё бўлгани ва Ўрта Осиё мамлакатлари орасида алоҳида нуфузга эга бўлган Ўзбекистон, Афғонистоннинг қўшниси сифатида келажакдаги воқеликларнинг қандай ривожланиши борасида мазкур конференцияни ўтказиши алоҳида эътиборга эга. Мен Ўзбекистон Республикасини яқин келажакдаги давр ичида минтақада ва жаҳон ҳамжамиятида муаммоларни ҳал қилиш борасида муҳим роль ўйнаши мумкин бўлган мамлакат, деб ҳисоблайман. Сиёсий, иқтисодий, геостратегик ва геосиёсий жабҳаларда Ўзбекистон Республикасининг жуда катта роли мавжуд. Бу факторлар, албатта, халқаро сиёсий муносабатлар билан боғланиши лозим.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳурматли Шавкат Мирзиёевнинг мавзу билан боғлиқ ташаббуслари, албатта, бошқа мамлакатлар томонидан қўллаб-қувватланганига гувоҳ бўлдим.Мавзунинг нақадар долзарблиги ҳеч биримизга сир эмас. Қўшни мамлакат Афғонистоннинг бугуни ва келажаги. Зеро Афғонистон доим барчамизнинг диққат марказимизда бўлиб келган. Афғонистон масаласида ҳар бир муаммони дипломатик йўл билан ҳал қилиш тарафдори эканимни алоҳида билдиришни истардим. Ўтказилаётган 6+1 – Ўрта Осиё мамлакатлари ва Афғонистон учрашувлари янгича ёндашув ва аҳамият қозонади. Охирги вақтларда янада кучланиб, мамлакатнинг катта ҳудудини ўз назоратига олган “Толибон” ҳаракатининг Афғонистон Республикаси бошқаруви ва ҳукуматини қўлга олиши ёки олмаслигини билмаймиз. Аммо ҳурматли Ашраф Ғанининг яқинда Германиянинг “Der Spiegel” рўзномасига берган интервьюси билан танишиб чиқадиган бўлсак, Афғонистон Республикасидаги охирги вақтларда содир бўлган воқеаларнинг ва шунингдек, мамлакат ичкарисидаги ўзгаришларнинг нафақат мамлакат учун, балки бутун минтақа учун нақадар муҳимлигини ҳис қиламиз. Шундан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон энг тўғри вақтда энг тўғри конференцияни ўтказаётганига аминмиз”, дейди сиёсатшунос.
Туркия ташқи сиёсат институти директори, академик, профессор, сиёсий фанлар доктори Ҳусайин Бағчи билан геосиёсий жиҳатдан муҳим суҳбатни QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
LiveБарчаси