“Нафас олишдан бошқа ҳаммаси”. Афғон аёлларига бугун нималар тақиқланган?
Таҳлил
−
26 Ноябрь
32992021 йилда Афғонистон ҳокимиятини эгаллаган “Толибон” ҳаракати бугунги кунга келиб кўплаб давлатлар билан алоқаларни ўрнатишга уринмоқда. Бундай алоқаларда Ўзбекистон етакчилик қилаётган бўлса, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Россия каби давлатлар “Толибон”ни террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқариш, элчиларини қабул қилиш каби муҳим сиёсий қадамлар ташламоқда.
Аммо жорий йилнинг 20 ноябрь куни бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти аккредитация қўмитасининг йиғилишида кетма-кет 4-йил Афғонистон доимий вакили ўриндиғига эгалик қилиш масаласи кейинга қолдирилди. Бунга сабаб сифатида эса муваққат ҳукуматнинг аёллар ҳуқуқларини чеклаётгани, таълим олиш, ишлаш билан боғлиқ тақиқлар кўрсатилган.
Айнан мана шу тақиқлар, БМТ талабларининг мамлакатда бажарилмаётгани Ўзбекистонни ҳам “Толибон” ҳукуматини расман тан олишдан тийиб турибди.
QALAMPIR.UZ эса қўшни Афғонистонда “Толибон” ҳукуматининг дунё миқёсида ва Ўзбекистон томонидан расман тан олинмаётганига сабаб бўлаётган аёлларга қўйилган тақиқларни санаб беради.
Аёллар ва қизларнинг таълим олиши
2021 йил 17 сентябрь куни “Толибон” муваққат ҳукумати ўрта мактабларни фақат ўғил болалар учун қайта очишга қарор қилди ва шу тариқа қизларнинг ўрта таълим олиш ҳуқуқини амалда ман этди. “Толибон” расмийлари бу қарорни “хавфсизлик нуқтаи назаридан” деб изоҳлаган, аммо халқаро ҳамжамият бу изоҳни инкор этди ва буни аёлларга нисбатан гендер камситиш сифатида баҳолади. Ушбу қарор билан Афғонистон дунёда аҳолисининг ярмига ўрта таълим олишни тақиқлаган ягона давлатга айланди.
“Агар касбим бўлмаса, ўқишимга рухсат беришмаса, хавфсизликнинг мен учун ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Бу хавфсизлик фақат “Толибон” учун керак”, деган ўшанда тиббиёт соҳасида таълим олаётган бир афғон қизи.
Бу фикр эса кўплаб афғон аёллари орасида умидсизлик ва норозиликни акс эттирган.
2022 йил 21 декабрь куни “Толибон” аёлларга нисбатан таълим олиш бўйича чекловларни кучайтириб, уларнинг университетларда ўқиш ҳуқуқини ҳам бекор қилди. Ушбу қарор ўқиш ва касбий ривожланиш орзусида бўлган минглаб афғон аёллари учун катта зарба бўлди.
“Толибон”нинг бу қарори Афғонистон пойтахти Қобулда аёллар иштирокида норозилик намойишларига сабаб бўлди. Намойишлар кичик кўламда бўлиб ўтса-да, уларнинг асосий талаби таълим олиш ҳуқуқини тиклаш эди.
Аммо бу ҳаракатлар самара бермади. Аксинча, “Толибон” аёл-қизларга таълим олиш нима учун чекланганини сўрашни ҳам тақиқлаб қўйди. Иложсиз қолган аёллар эса ўз уйларида тўгараклар очиб, таълим олишни давом эттирди. Бироқ бу ҳам узоққа чўзилмади.
2022 йилнинг февраль ойида “Толибон” муваққат ҳукуматидаги Ҳаж ва вақф ишлари вазирлиги томонидан Қобулдаги бир қатор таълим муассасаларига тураржой биноларида тўгараклар ташкил этишни тақиқлаш бўйича хат юборилди. Юборилган хатда ҳатто аёлларга масжидлар қошидаги диний мактабларда дарс бериш ҳам тақиқланганди.
Истироҳат боғларига ташриф буюриш
2022 йил 11 сентябрь куни Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати аёлларнинг истироҳат боғларига ташриф буюришини тақиқлаб қўйди. Афғонистоннинг “ахлоқ полицияси” мамлакатдаги барча кўнгилочар боғларга аёлларнинг киришини тақиқлашни буюрди.
Эзгуликни тарғиб қилиш ва иллатларнинг олдини олиш вазирлиги вакиллари бу қарорни тасдиқлаб, аёллар учун истироҳат боғларига кириш тақиқланганлигини маълум қилди. Янги қоидага кўра, боғларда одамлар жинсга қараб ажратилиши ва аёллар учун алоҳида кунлар ажратилиши керак эди. Бу қоида барча жамоат боғларига, шу жумладан очиқ жойлар ва ҳаммомларга нисбатан ҳам қўлланилган.
Ноҳукумат ташкилотларида ишлаш
2022 йил 25 декабрь куни “Толибон” бошқаруви Афғонистондаги барча маҳаллий ва хорижий ноҳукумат ташкилотларга аёл ходимларнинг ишлашини тўхтатишни буюрди. Ушбу тақиқ инсон ҳуқуқлари ва аёллар ҳуқуқларига нисбатан қаттиқ чекловларнинг навбатдаги босқичи сифатида баҳоланди.
“Толибон” муваққат ҳукумати эса бу қарорни баъзи аёл ходимларнинг мусулмонларга хос кийиниш қоидаларига амал қилмагани билан изоҳлади.
Шунингдек, бу тақиқ талаба қизларнинг университетларда ўқишини тақиқлаш қароридан бир неча кун ўтиб қабул қилинди. Университетлар тақиқи аёлларнинг таълим олиш имкониятини тўлиқ бекор қилган бўлса, ишга нисбатан чекловлар уларнинг иқтисодий мустақиллигини йўқ қилишга қаратилган эди.
Гўзаллик салонларига кириш
2023 йилнинг январь ойида “Толибон” раҳбарияти мамлакатдаги аёллар учун гўзаллик салонларини ёпишни буюрди. Бунинг учун уларга 10 кун муддат берилган. Бундан ташқари, ҳаракат вакиллари аёлларга савдо марказларида ишлашни ҳам тақиқлади.
Аёлларни эркак шифокорлар даволаши
2023 йил 7 январь куни “Толибон” Афғонистоннинг Балх вилоятидаги соғлиқни сақлаш муассасаларида эркаклар ва аёллар учун қатъий гендер бўлинишини жорий қилиш ҳақида буйруқ берди. Унга кўра, эркак шифокорларга аёл беморларга хизмат кўрсатиши ва эркак шифокорларнинг аёлларга ажратилган хоналарга кириши ман этилган. Эркаклар ва аёллар учун алоҳида хоналар ташкил этилиши буюрилган.
Бундан олдин, 2022 йил 25 ноябрда “Толибон”нинг Нангарҳор вилоятида аёлларнинг эркак йўлбошчисиз шифохонага бориши ҳам тақиқланган эди.
“Толибон” бу қарорни масжид имом-хатиблари орқали жума намозларида эълон қилиб, аҳолига қатъий риоя қилишни топширган. Эзгуликни тарғиб қилиш ва иллатларнинг олдини олиш вазирлиги эса ушбу чекловларга расмий изоҳ бермаган.
Аёлларга эркак тикувчиларга кийим тиктириш
2023 йилнинг 4 март куни “Толибон” аёллар учун яна бир ноодатий тақиқни қўйди. Эндиликда улар эркак тикувчиларга кийимларини тиктириши ман этилди.
Афғонистоннинг Парвон вилояти марказидаги Чарикар шаҳрида истиқомат қилувчи эркак тикувчилар аёллар учун кийим тикишни тақиқловчи оғзаки буйруқ олганлигини айтди. Шундан сўнг фақат аёллар учун хизмат кўрсатадиган тикувчилар ўз дўконларини ёпишга мажбур бўлган.
“Дўкон ижараси – 10 000 афс (113 доллар) ва бошқа харажатлар ҳам бор. Биз уларни аёллар кийимини тикиш орқали қоплардик”, дейди тикувчи Мухтор Секандарий.
“Парвон” тикувчилик уюшмаси маълумотларига кўра, вилоятдаги тикувчиларнинг аксарияти чекловлар оқибатида ишсиз қолган, айримлари эса мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган.
Бироқ маҳаллий расмийлар бу даъвони инкор этиб, тикувчиларга фақат баъзи бир кўрсатмалар берилганини айтган.
“Уларга кийим-кечак тикишга рухсат берилган ва улар учун маҳаллий тўсиқлар йўқ, лекин аёлларнинг ўлчамини эркаклар олиши мумкин эмас”, дейди Парвон ҳокими Ҳикматуллоҳ Шамим.
БМТ идораларида ишлаш
2023 йил 4 апрель куни “Толибон” Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) Афғонистондаги маҳаллий аёл ходималарига ишлашни тақиқлади.
“Бизга турли каналлар орқали тақиқ бутун мамлакатга тааллуқли эканини хабар қилишди”, дейди БМТ Бош котибининг матбуот котиби Стефан Дюжаррик.
Дюжаррик тақиқни “номақбул ва тушунарсиз” деб атади ҳамда бу гуманитар ташкилотларнинг кўмакка муҳтож одамларга ёрдам бериш имкониятига путур етказиши мумкинлигини таъкидлади.
Ресторанда овқатланиш
2023 йилнинг 10 апрель куни Афғонистон шимоли-ғарбидаги Ҳирот вилоятида “Толибон” оилалар ва аёлларга боғлари ёки яшил ҳудудлари бўлган ресторанларга киришни тақиқлади. Бу чоралар диний уламолар ва жамоатчилик вакилларининг бундай жойларда жинслар аралашуви ҳақидаги шикоятларидан кейин қабул қилинган. “Толибон” тақиққа жинсларнинг аралашиб кетгани ва аёлларнинг нотўғри ҳижоб ўраши сабабли эканини билдирган.
Ҳайит куни кўчага чиқиш
“Толибон” муваққат ҳукумати 2023 йилнинг апрель ойида Таҳор ва Бағлон вилоятларида Рамазон ҳайити вақтида аёлларнинг сайр қилишини тақиқлаш ҳақида буйруқ берганди.
Сотувчилар билан савдолашиш
Жорий йилнинг 11 сентябрь куни “Толибон” муваққат ҳукуматидаги эзгуликни тарғиб қилиш ва иллатларнинг олдини олиш вазирлиги аёлларга нисбатан чекловларни янада кучайтирди. Жумладан, аёлларга сотувчилар билан савдолашиш тақиқланди.
“Толибон”нинг айрим вилоятлардаги ахлоқ полицияси эркакларга хотинлари борасида тегишли буйруқ чиқарган. Улар аёллар сотувчилар билан савдолашганида, уларнинг овози бегона эркаклар томонидан эшитилиши ва бу “эркакларни йўлдан оздириши”ни даъво қилган. “Толибон”га кўра, аёллар гапирмасдан ва савдолашмасдан харид қилиши керак.
Аёлларга аёллар билан гаплашиш
Турли ақлга сиғмас тақиқларни жорий этишда давом этаётган “Толибон” жорий йилнинг 28 октябрида аёлларга нафақат эркаклар, балки бошқа аёллар билан ҳам очиқчасига гаплашишни тақиқлади.
Муваққат ҳукуматнинг эзгуликни тарғиб қилиш ва иллатларнинг олдини олиш бўйича вазири вазифасини бажарувчи Холид Ҳанафийнинг баёнотига кўра, аёллар ўз овозини бошқа аёллар эшитишига йўл қўймаслиги керак. Шу сабабли Афғонистондаги аёлларга Қуръонни аёллар бор жойда овоз чиқариб ўқиш ҳам ман этилган.
Ушбу қарор халқаро ҳамжамият томонидан кескин танқид қилиниб, инсон ҳуқуқларининг ва аёллар эркинликларининг мунтазам равишда бузилаётганидан далолат берувчи навбатдаги чоралар сифатида баҳоланди.
Юзи очиқ ҳолда юриш
Август ойида муваққат ҳукумат аёлларнинг жамоат олдида юзи очиқ ҳолда гапиришини ва кўринишини тақиқлади. Мазкур тақиқ Афғонистондаги биринчи расмий декларацияга киритилган ва 114 саҳифа 35 моддадан иборат ҳужжатда баён этилган.
“Биз сизни ишонтириб айтамизки, бу исломий қонун фазилатларни тарғиб қилиш ва иллатларни йўқ қилишда катта ёрдам беради”, деди вазирлик вакили Маулви Абдул Ғафар Фарук.
Декларациянинг 13-моддасида мамлакат аёллари ҳар доим жамоат жойларида баданларини ёпиб юришлари шартлиги, “васвасага тушмаслик ва бошқаларни ҳам васвасага солмаслик” учун юзларини ёпиши зарурлиги қайд этилган. Кийим, қонунга кўра, юпқа, тор ёки қисқа бўлмаслиги керак.
“Толибон”нинг фикрича, аёлнинг овози интим нарса ҳисобланади, шунинг учун улар жамоат жойларида қўшиқ айтмаслиги, хитоб қилмаслиги ва овоз чиқариб ўқимаслиги керак. Шунингдек, аёлларнинг маҳрам бўлмаган эркакларга қараши ҳам ман этилди.
“Толибон” Ҳиротдаги аёллар кафесини ёпди
Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати ноябрь ойида Ҳирот шаҳридаги аёллар кафесининг фаолиятини тўхтатди.
Ҳиротдаги муваққат ҳукумат вакиллари кафенинг ёпилишини тасдиқлаган, аммо аниқ сабабларни кўрсатмаган. Олдинроқ, ўзини “Толибон” деб таништирган гуруҳ агентлари, кафеларда аёллар ҳижобни тўғри кийишмаслигини ва мусиқа тинглашда давом этаётганини айтиб, кафеларни ёпиш билан таҳдид қилган.
Маҳаллий манбаларга кўра, ҳозирда Ҳирот шаҳрида фақат бешта аёллар кафеси фаолият юритмоқда. Бу кафелар “Толибон” эркаклар бор жойларга аёлларнинг киришини тақиқлаганидан сўнг аёл тадбиркорлар томонидан очилган.
Кафе эгалари эса муваққат ҳукумат аёллар учун ягона йиғилиш жойи бўлган кафеларнинг ёпилишини баҳона излаётганини, бу орқали аёлларни психологик босимдан халос бўлиш, қаҳва ичиш ёки ўқиш учун йиғиладиган ягона имкониятдан маҳрум қилишни мақсад қилганини таъкидлашган.
Шундай қилиб, “Толибон” муваққат ҳукумати аёллар учун чексиз-чегарасиз тақиқлар жорий қилишда давом этмоқда. Бу эса унинг бутун дунёда давлат ва янги ҳукумат сифатида тан олинишига улкан тўсиқ бўлиб турибди. Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Эргашев ҳам QALAMPIR.UZ’га берган интервьюсида муваққат ҳукумат БМТ талабларини тўлиқ бажармагунича ва аёлларга нисбатан тўсиқларни тўхтатмагунча унинг де-факто ҳукумати Ўзбекистон томонидан расмий тан олинмаслигини айтган эди.
Фарангиз Қосимова
LiveБарчаси
26 Ноябрь