“Толибон” вакиллари Бош вазир Арипов билан учрашди
Жамият
−
02 Декабрь
3568“Толибон” муваққат ҳукумати бош вазирининг маъмурий масалалар бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи Абдул-Салом Ҳанафий бошчилигидаги делегация яна Ўзбекистонга келди. Бу ҳақда афғон расмий нашрлари ёзмоқда.
Шунингдек, делегация тарқибида бош вазир девони раҳбари Абдул Васи, Балх губернатори Муҳаммад Юсуф Вафо ва элчи Абдул-Ғофар Баҳра Тиравийни кўриш мумкин.
Уларни Ўзбекистонда Бош вазир Абдулла Арипов, Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев, Муфтий Нуриддин Холиқназаров кутиб олган. Ўзбекистон Президентининг Афғонистондаги махсус вакили Исматилла Эргашев ва Бухоро ҳокими Ботир Зарипов эса уларга Бухородаги саёҳатларида ҳамроҳлик қилган.
Афғонистонлик ўзбек Абдул Салам Ҳанафий Ўзбекистонга ташрифи чоғида мамлакат Бош вазири Абдулла Арипов ва Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев билан алоҳида учрашувлар ўтказган ва сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилган.
Мувваққат ҳукумат матбуот котиби ўринбосарининг таъкидлашича, Ҳанафий Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари билан учрашувда Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасидаги яхши муносабатларга тўхталиб, “Толибон”нинг Тошкент билан турли соҳаларда бу алоқаларни кенгайтириш истаги борлигини таъкидлаган.
Унинг қўшимча қилишича, Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари ўзбекистонлик инвесторларнинг Афғонистон конларини қазиб олишга тайёрлигини билдириб, Трансафғон лойиҳасининг амалга оширилиши Афғонистон ва минтақа иқтисодиёти учун фойдали эканини таъкидлаган.
“Афғонистон ва Ўзбекистон ҳозирги шароитда дўст мамлакатлардир ва энг кўп битимларни имзолаган. Уларнинг ҳисоботларига кўра, Афғонистон билан савдо ҳажми икки миллиард доллардан ошган ва бу тенденция ўсишда давом этмоқда”, деган муваққат ҳукуматдаги савдо-саноат ва сармоя палатаси матбуот котиби Жан Аға Навид.
Бундан ташқари, “Толибон” пресс-релизида ёзилишича, ташриф давомида кончилик, савдо, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва транзит соҳаларидан ташқари диний ва тарихий алоқалар ҳам муҳокама қилинган, ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келишувларга эришилган.
Аммо мазкур ташриф ҳақида Ўзбекистон томонидан ҳеч қандай изоҳ бермаган. Бунга сабаб сифатида эса “Толибон”нинг БМТ санкциялари остида экани, Ҳанафийнинг номи бу ташкилот томонидан хорижга чиқиши тақиқланганлар “қора рўйхати”га киритилгани кўрсатилмоқда.
Маълумот учун, Ўзбекистон “Толибон” ҳукуматини ҳали расман тан олмаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 17 август куни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Афғонистоннинг Қобул шаҳрига борган эди.