“Толибон” ҳеч Ўзбекистон ёки Тожикистон чегарасини бузишга уринганми, ақалли бир ўқ узганми?
Олам
−
21 Июль 2021
25928“Толибон” жангарилари томонидан Афғонистоннинг Ўзбекистон ёки Тожикистон билан чегарасини кесиб ўтишга қаратилган бирон бир уриниш ёки фактлар мавжуд эмас. Бу ҳақда кеча, 20 июль куни Россия Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов айтиб ўтди.
“Толибон” бўлинмаларининг Тожикистон ёки Ўзбекистон чегараларини кесиб ўтгани ёки ҳатто бунга уриниб кўргани бўйича бирон бир факт йўқ”, дейди Россия Президенти махсус вакили ҳамда Ташқи ишлар вазирлигининг иккинчи Осиё департаменти директори Замир Кабулов “Валдай” халқаро мунозара клубида бўлиб ўтган онлайн-мунозарада.
Фото: Замир Кабулов
Махсус вакилнинг сўзларига кўра, Афғонистон ҳукумати аскарларининг қўшни республикаларга қочиб ўтиши вазиятнинг тинчиб кетишига ёрдам берган.
“Сиз ўз позициясини ташлаб, Ўзбекистонга қочиб ўтган 100 дан ортиқ Афғонистон ҳукуматининг ҳарбий хизматчилари ҳақида эслаб ўтдингиз. Бундан ташқари, камида яна 1600 [афғонистонлик] ҳарбий хизматчилар қочиб, Тожикистон ҳудудига ўтиб кетганди. Майли улар ўтишга ўтиб кетди, шу билан вазият тинчиди. Бироқ муаммо шундаки, улар Панж дарёси орқали Тожикистон ҳудудига ўтиб олгач, у томондан туриб толиблар отрядларини ўққа тута бошлади. Бу ҳақда “Толибон” вакиллари Москвага келганида маълум қилди. Уларнинг айтишича, толиблар ўша вақтда ўзларининг раҳбарларидан Тожикистон томонига қарата жавоб ўқини узмаслик буйруғини олган. Аслида воқеа мана шундай кўринишда бўлган”, дейди Замир Кабулов.
Дипломатнинг қўшимча қилишича, толиблар қўшни республикалар уларни қизиқтирмаслигини расмий Москвага 7 йилдан бери айтиб келмоқда. “Ҳозирча бизда шубҳа қилиш учун асос йўқ”, дейди Россия Президенти махсус вакили.
Қайд этиш керакки, Замир Кабулов “Толибон” ҳаракати Афғонистонни эгаллаб олиши мумкинми деган саволга қуйидагича жавоб берган:
“Агар миллий ярашув жараёнида ҳақиқий ҳаракат бўлмаса, Афғонистондаги ҳарбий-сиёсий мувозанат “Толибон” ҳаракати фойдасига қайта шаклланади. Ва толибларнинг мамлакатда ҳокимиятни зўравонлик билан қўлга киритиши жуда ҳақиқий истиқболга айланади”.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 17-18 июль кунлари Қатар пойтахти Доҳада Афғонистондан борган юқори даражадаги делегация ва “Толибон” вакилларининг икки кунлик учрашуви бўлиб ўтди. Натижада, томонлар тинчлик музокараларини давом эттириш бўйича қисқа баёнот қабул қилди. Бироқ ўқ узишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилмади.
Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик
Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди.
Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, Италия, Австралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.
Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.
LiveБарчаси