“Толибон” Афғонистонни эгаллаб оладими? Путиннинг махсус вакили жавоб берди

Олам

image

Афғонлараро музокаралардан натижа бўлмаган тақдирда Афғонистонда ҳокимият “Толибон” томонидан эгаллаб олиниши ҳақиқатга айланади. Бу ҳақда кеча, 20 июль куни Россия Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов айтиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, агар миллий ярашув жараёнида ҳақиқий ҳаракат бўлмаса, Афғонистондаги ҳарбий-сиёсий мувозанат “Толибон” ҳаракати фойдасига қайта шаклланади. 

“Ва толибларнинг мамлакатда ҳокимиятни зўравонлик билан қўлга киритиши жуда ҳақиқий истиқболга айланади”, дейди Россия Президенти махсус вакили ҳамда Ташқи ишлар вазирлигининг иккинчи Осиё департаменти директори Замир Кабулов “Валдай” халқаро мунозара клубида бўлиб ўтган онлайн-мунозарада.

Замир Кабулов шунга қарамай, толиблар Афғонистон вилоятларининг йирик маъмурий марказларини ҳанузгача эгаллаб олишга қодир эмаслигини қайд этган. 

“Толиблар ҳали[Афғонистон]  вилоятларнинг йирик маъмурий марказларини эгаллашга қодир эмас. Гарчи мен яқин келажакда [Толиблар] икки ёки учта маъмурий марказни ўз назоратига олиши мумкинлигини истисно қилмасам-да, улар эгаллаб олиш, энг муҳими, мамлакатнинг йирик вилоятларини узоқ муддат ўз назоратлари остида сақлаб қолиш учун етарли кучга эга эмас”, дея қўшимча қилди у.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 17-18 июль кунлари Қатар пойтахти Доҳада Афғонистондан борган юқори даражадаги делегация ва “Толибон” вакилларининг икки кунлик учрашуви бўлиб ўтди. Натижада, томонлар тинчлик музокараларини давом эттириш бўйича қисқа баёнот қабул қилди. Бироқ ўқ узишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилмади.

Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик

Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди. 

Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, ИталияАвстралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.

Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

153

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг