“Tоза” чиқса, фаолиятини давом эттиради”. Зойир Мирзаев Қибрайдаги раҳбарларни ёппасига ишдан олди

Жамият

image

Кеча, 17 август куни Халқ депутатлари Қибрай тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Қибрай тумани ҳокими ўринбосарлари, ҳокимликнинг бошқа барча мутахассисларини вазифасидан озод қилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар берди.

Қайд этилишича, сессия кун тартибига ташкилий масала киритилган. Вилоят ҳокими Зойир Мирзаев ушбу йиғилишда таҳлилий нутқ сўзлаб, туманни иқтисодий-ижтимоий ривожлантиришга доир долзарб масалаларга тўхталиб ўтган.

У сессияда туманда қарийб 20 минг нафар фуқаро меҳнат мигранти сифатида хорижда бўлиб тургани, бу Қибрай учун ярашмайдиган ҳолат эканини айтиб ўтган.

Маълум бўлишича, туманда олти ой якуни бўйича саноат маҳсулотлари, ўтган йилга солиштирганда, ишлаб чиқариш ҳажми ўзгармаган, аксинча 8 та корхона ўз фаолиятини тўхтаган.

KPI тизими бўйича туман маҳалларидаги ҳоким ёрдамчилари умумий 76 балл олган, бу кўрсаткич вилоятда 13-ўрин ҳисобланади.

“Кейинги икки йилда туманда ишлаётган 7 та экспортёр корхона бошқа туманларга ҳисоб рақамини кўчириб олиб кетган. Демак, улар бу ердаги мутасаддилар билан ишлашни хоҳламаган. Қибрайда қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳасида жуда кўп қонунбузарлик, бошбошдоқлик бор. Буни тартибга солиш вақти келди”, дейди Мирзаев.

Шунингдек, сессияда Қибрай туманида яширин иқтисодиётга қарши кескин курашиш кераклиги, шу мақсадда туман ҳокими раислигида махсус ишчи гуруҳ тузиш лозимлиги айтиб ўтилган.

“Қибрай тумани ҳокимининг ўринбосарлари, ҳокимликнинг бошқа барча мутахассислари бугундан бошлаб вазифасидан озод қилинади. Уларнинг фаолиятига ҳуқуқий баҳо берилади, “тоза” чиқса, кейин ишини давом эттиради”, дейди Зойир Мирзаев.

Бундан ташқари, Қибрай туманидаги барча давлат ташкилотларининг раҳбарлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари бундан истисно, лавозимидан озод қилинади. Уларнинг фаолиятига ҳам бир ҳафта ичида баҳо берилади.

“Кадрлар билан ишлашнинг “Қибрай тажрибаси” жорий қилинади. Бўшаган ўринларга, туман ташкилотларига танлов асосида ёппасига ёшлар ишга олинади. Қибрайга шу тариқа “янги қон” қуйилмаса бўлмайди”, дейди ҳоким.

Ушбу сессияда Зойир Мирзаев бугунги кунда  Қибрайда 4 минг нафар бола учун боғчада жой йўқлиги, мактабгача таълимга бор-йўғи қамров 67 фоизлигини  танқид қилган. 

“Тумандаги 16 та маҳаллада биттаям боғча йўқ. Масалан, “Қурилиш”, “Май”, “Ўнқўрғон”, “Уймовут” сингари маҳаллаларда болалар учун боғча умуман йўқ! Туманда мурожаатлар билан ишлаш аянчли. 1697 та мурожаат келиб тушган бўлса, шундан атиги 8 фоизи ижобий ҳал этилган, холос. 8 та қабул, 128 та фуқаро. Яъни битта қабулда ўртача 4 та фуқаро қатнашган. Ҳоким қабул ўтказса, 4 нафар фуқаро келибди. Ким ишонади бунга? Кўзбўямачиликку бу?! Юқоридагилардан келиб чиқиб, шунингдек, инвестиция, саноат соҳасида йўл қўйган камчиликлари боис, давлат раҳбари раислигида ўтказилган йиғилиш якунларига кўра, ҳоким Мираъзам Мирқосимов лавозимидан озод қилинган эди”, дейди Мирзаев.


Мақола муаллифи

Теглар

Зойир Мирзаев Қибрай

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг