Тошматов учун МОҚда алоҳида штат очилди. Унга вице-президент вазифасини бажариш юкланди

Спорт

image

Бироз аввал, Таэквандо WTF Ассоциацияси раиси лавозимида ишлаб келаётган Шерзод Тошматов Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси вице-президенти лавозимига тайинланиши кутилаётгани ҳақида хабар берган эдик. Бугун, 16 ноябрь куни МОҚнинг навбатдан ташқари XXXVII Бош Ассамблеяси йиғилиши бўлиб ўтди. Тошматов расман МОҚ вице-президенти вазифасини вақтинча бажарувчи сифатида таништирилган. 

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходими Шавкат Султонов, Вазирлар Маҳкамаси масъул ходими Рашид Толипов, Миллий олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов, республика спорт федерация ва ассоциациялари раҳбарияти, Қўмита делегатлари, соҳага оид ташкилотлар ҳамда оммавий-ахборот воситалари вакиллари иштирок этган. Йиғилишни Қўмита Бош котиби Ойбек Қосимов олиб борган.

Ассамблея кун тартибидан ўзбекистонлик спортчиларни Токио-2020 ва Париж-2024 Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўриши ва иштирок этиши жараёнлари, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига янги раис ўринбосари вазифасини бажарувчисини сайлаш, Қўмита уставига ўзгартириш киритиш ва янги таҳририни тасдиқлаш, бошқа спорт турларини тан олиш бўйича федерация ва ассоциациялар мурожаатларини кўриб чиқиш каби масалалар ўрин олган.

МОҚ раҳбари спорт фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантириш мақсадида жорий этилган янги раис ўринбосари вазифасига номзод бўйича ҳам таклифини илгари сурди. У пандемия шароитида тезкор штаб ташкил этилгани, спорт федерациялари ва ассоциациялари ишини мувофиқлаштиришга эҳтиёж туғилаётганига алоҳида эътибор қаратган. 

МОҚ Матбуот хизматига кўра, делегатлар раис ўринбосари вазифасини бажарувчи лавозимига кўрсатилган номзод – Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси раиси Шерзод Ташматовни бир овоздан маъқуллашган.

У 2009-2010 йилларда Ўзбекистон ҳаваскор ва профессионал муайтай ассоциацияси раиси ўринбосари, 2010-2014 йилларда ушбу ассоциация раиси, 2013-2014 йилларда Шарқ яккакурашлари ва жанг санъатларини ривожлантириш маркази раиси ўринбосари, 2014-2019 йилларда Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари, 2016-2019 йилларда АIBА ижроия қўмитаси аъзоси, Осиё бокс конфедерацияси вице-президенти лавозимларида ишлаган. 2019 йилдан ҳозирги вақтга қадар Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси раиси лавозимида ишлаб келаётган эди. 

МОҚ сайтида таъкидланича, пандемия шароитида Шерзод Тошматов МОҚнинг тезкор штаби раҳбари сифатида ҳам ўз тиришқоқлиги ва билимини кўрсата олган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Шерзод Тошматов

Баҳолаганлар

63

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг