Тошкентга кетгандим, қайтсам уйим йўқ – фарғоналик иккинчи гуруҳ ногирони дардини кимга айтсин? (видео)
Жамият
−
16 Октябрь 2019
10727Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти Олтиариқ туманида яшовчи фуқаронинг норозилиги ва Ўзбекистон Президентига мурожаати акс этган видео тарқалди.
Олтиариқлик иккинчи гуруҳ ногирони бўлган эркак Мажбурий ижро бюроси ходимлари унинг яшаб турган уйини бузиб ташлаганидан шикоят қилган. Фуқаро 2012 йил октябрь ойида аукцион орқали ер сотиб олган ва унга мулкни ўз яшаш манзили бўйича расмийлаштириб беришган.
Бироқ расмийлаштирув ҳужжатларини кейинчалик суд ва бошқа органларда тан олишмаган. Фуқаронинг уйини 2019 йил 23 май куни МИБ ижрочилари келиб бузиб ташлаган. Унинг таъкидлашича, уйи бузилганда, у ва турмуш ўртоғи шу масалани ҳал қилиш учун Тошкентга кетган бўлган. Яъни, унинг уйи ўзи йўқлигида бузиб ташланган.
Фуқаро Тошкентда Вазирлар Маҳкамасига борган. У ерда Равшан исмли масъул уларни қабул қилиб, ҳужжатлари жойида эканини айтган ҳамда уларга ёрдам бериш учун ўша ернинг ўзида Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевга қўнғироқ қилинган.
Ҳужжатлари тўғри эканига ишонч комил қилган фуқаро Ўзбекистон Республикаси Президенти қабулхонасига борган. Тошкентда шу масалалар ортидан юрганида қўшнилари қўнғироқ қилиб, уйини бузиб ташлашганини айтишган.
Олтиариқлик иккинчи гуруҳ ногирони бўлган фуқаронинг уйи бузилганига қарийб олти ой тўлган бўлса-да улар икки нафар вояга етмаган фарзанди билан ҳамон кўчада. Борар жойи йўқ.
Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг сентябрь ойи охирида Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг рўмол ва соқол масаласида ўтказган, донғи бутун Ўзбекистон ва қўшни давтларга ёйилган йиғилишидан кейин кенг жамоатчиликнинг эътибори Фарғонага қаратилган.
Нега дейсизми? Чунки, Шуҳрат Ғаниевнинг туширган “қовун”идан кейин Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати унга 3 ой муҳлат берди. Шунинг учун одамлар Шуҳрат Ғаниевнинг 3 ой давомида нима қилишини кузатиб боряпти. Аслида ижтимоий масалалар, қурилиш, ободонлаштириш билан боғлиқ ҳолатларда йўл қўйилган камчиликлар сабаб аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳам Ғаниевга 6 ой муҳлат берган эди.
Олтиариқлик фуқаронинг аҳволи эса ҳокимнинг аввал йўл қўйган совуққонликларидан бири бўлиб, 3 ойлик муҳлат давомида юзага чиқди. Иккинчи гуруҳ ногирони бўлган фуқаро масаласи ҳудудий ҳокимликлар томонидан ҳал қилиб берилганда, Тошкентга келиб Вазирлар Маҳкамаси ва Президент қабулхонасига бош урмаган бўлармиди.
Вазирлар Маҳкамасидан Фарғона ҳокимига қўнғироқ бўлгандан кейин ҳам вазиятнинг назоратга олинмаслиги маҳаллий ҳокимларнинг бебошлигиданми ёки лоқайдлигидан?
Тасодифни қаранг, олтиариқлик иккинчи гуруҳ ногирони оиласи билан 6 ойдан бери уйсиз, сарсон бўлган бир вақтда, вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев тўқимачилик компанияси бўлган тадбиркорнинг онасига Malibu совға қиляпти.
Ажабо, вилоят ҳокимлиги бу вазиятга қандай изоҳ бераркин? Бу сафар ким узр сўраб чиқиши барчага қизиқ.
LiveБарчаси