Тошкентдаги уч поғонали йўл ўтказгич қурилиши қандай кетяпти?

Жамият 5239
image

Тошкент шаҳрининг энг катта чорраҳаларидан бири бўлган Оҳангарон ва Паркент ҳамда Махтумқули ва Шарқий аэропорт кўчаларини боғловчи янги транспорт ечими қурилиши давом эттирилмоқда

Тошкентнинг ўзига хос “ташриф қоғози”га айланиши кутилаётган ушбу объект битишини кўпчилик катта қизиқиш билан кутяпти. Қурилиши 2018 йилнинг май ойида бошланган мазкур лойиҳа мамлакатдаги дастлабки уч поғоналик транспорт ечими ҳисобланади. “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ахборот-таҳлилий медиа маркази қурилишнинг бориши ва тафсилотларини маълум қилди.

Қайд этилишича, унинг атрофида бирорта ҳам светофорлар бўлмайди. Автомобиллар барча йўналишда тўхтовсиз ҳаракатни давом эттириши туфайли тирбандликларнинг олди олинади.

Ушбу транспорт ечими “Кўприкқурилишлойиҳа” УК ҳамда “Боштранслойиҳа” АЖ мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра Оҳангарон ва Паркент кўчалари умумий узунлиги 502 метр бўлган туннел услубидаги йўл ўтказгич билан боғланади. 

Туннелнинг кенглиги 26,7 метр, кўприк ости баландлиги эса 5,5 метрни ташкил этади. Лойиҳанинг иккинчи поғонасида 2 та йўл ўтказгич барпо этилиши билан умумий диаметри 329, 2 метрли ҳалқасимон йўл ҳаракати ташкил этилмоқда. Учинчи поғонаси эса Махтумқули ва Шарқий аэропорт кўчаларини боғловчи умумий узунлиги 593 метр, кенглиги 26 метр бўлган йўл ўтказгичдир. Унинг 411 метри эстакада, 182 метри эса таянч деворли қисмдан иборат.

Мазкур ишлар “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ таркибидаги “Кўприкқурилиш трести” УК томонидан олиб борилмоқда. Бугунги кунгача бунёдкорлик юмушларининг 90 фоизидан ортиғи бажарилди.

Бугунги кунга келиб учала поғонада ҳам бетон ётқизиш ишлари тугатилган бўлиб, ер ости ва эстакада йўналишининг икки томонига пиёдалар йўлаклари қурилди ва бордюрлар ўрнатилиб чиқилди. Айни пайтда лойиҳанинг учинчи поғонасидаги пиёдалар юрадиган йўлаклардаги бетон тўсиқларга кўркам металл конструкциялари ўрнатилиб, асфалт билан қопланмоқда. Шунингдек, электр энергияси тармоқлари ҳам тортилиб, ёритиш тизими ускуналарини ўрнатишга тайёргарлик жараёни бошлаб юборилди. Мазкур йўл ўтказгич битгач, тирбандликлар олди олиниб, ўтказиш имконияти соатига 21 мингтага етади. 

Ҳозирда қурилишда 100 нафардан ортиқ ишчи-ходимлар меҳнат қилаётган бўлиб, 50 га яқин замонавий техникалар жалб этилган.

Мутахассисларнинг айтишича, тез орада лойиҳадан ўрин олган барча қурилиш ишлари якунланиб, уч поғонали транспорт ечими фойдаланишга топширилиши режалаштирилмоқда.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 121
Рейтинг: 3
t
×