Тошкентда икки қаватли йўл ўтказгич қурилади
Жамият
−
15:47 2644 2 дақиқа
Тошкент шаҳридаги Мустақиллик шоҳ кўчаси, Мирзо Улуғбек ва Буюк Ипак йўли кўчалари кесишмасида икки қаватли йўл ўтказгич қурилади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги хабар қилди.
Қайд этилишича, ушбу икки қаватли йўл ўтказгич “Буюк ипак йўли” метро бекати яқинида барпо этилади. Мирзо Улуғбек кўчаси бўйлаб BRT йўналиши ишга туширилади ва у Мустақиллик ва Шаҳрисабз кўчалари орқали Шота Руставели кўчасидаги йўналиш билан туташади. Дўрмон йўли чорраҳасида эса туннель бўлади.
Мазкур лойиҳа Ц1 массивидан Кичик ҳалқа йўлигача (Темур Малик кўчаси) бўлган 8 км масофани босиб ўтишнинг ўртача вақтини қисқартиради. Хусусан, тиғиз пайтларда 25 фоизга, яъни 45 дақиқадан 32 дақиқагача тушади.
Автомобилларнинг ўтказувчанлик қобилияти кунига 98,8 мингдан 120 мингтагача (21 фоизга) ошиши мумкин.
Олиб борилган ҳисоб-китобга кўра, транспорт воситаларининг ўртача ҳаракат тезлиги 25 фоизга – соатига 21 километрдан 26 километргача кўтарилади. Автобуслар бошқа транспорт оқимидан ажратилган алоҳида йўлакларда ҳаракатланади ва тезлиги эса соатига 23 километргача тезлашиши айтилган.
Ҳокимлик умумий узунлиги 16,2 километрни ташкил этадиган мазкур лойиҳанинг фаол босқичи 50-60 кун давом этишини билдирган.
Шунингдек, кўчада янги тўхташ жойлари яратилади. Пиёдалар йўлаклари таъмирланади, велосипед йўлаклари ётқизилиб, дарахтлар экилади ва ўриндиқлар қўйилади. Ишлар бутун кўча бўйлаб олиб борилади. Кўчириладиган дарахтлар ўрнига қўшимча 8 000 гектар яшил майдон ташкил этилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззах вилоятида шаҳар ичидаги тирбандликни бартараф этиш учун 10 километрли айланма йўл қурилиши хабар қилинганди.
Live
Барчаси