Тошкентдаги қуш бозорида рейд ўтказилди

3-саҳифа

image

Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида 1000 дан ошиқ қуш ва чўл тошбақалари ноқонуний сотилишининг олди олинди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, кеча, 15 март куни вазирлик ва бир нечта ташкилотлар билан ҳамкорликда қўшма назорат тадбири бўлиб ўтган. Ижтимоий тармоқларда эса шу жараён акс этган видео тарқалди.

“Тадбир Олмазор туманида жойлашган қуш бозорида табиатдан ноқонуний равишда тутилган ёввойи қушлар ва ҳайвонларнинг ноқонуний сотилиши ҳолатларини ўрганиш мақсадида қўшма назорат тадбири ўтказилди”, дейилади хабарда.

Ушбу тадбирлар давомида 1168 дона қуш (935 дона чумчуқсимонлар оиласига, 33 дона майнасимонлар оиласига, 200 дона тўрғайсимонлар оиласига ва 3 дона қирғийсимонлар оиласига мансуб), шунингдек, 35 дона чўл тошбақаси ноқонуний сотилаётганлиги аниқланган ва далилий ашё сифатида олиб қўйилган.

Вазирлик хабарига кўра, қушлар ўзлари учун яшашга қулай муҳитга қўйиб юборилган. Шунингдек, чўл тошбақалари вақтинча Тошкент ҳайвонот боғига, 3 дона қирғийсимонлар оиласига мансуб қуш эса вақтинча Ёввойи қушларни ҳимоя қилиш жамиятига топширилган.

“Жониворлар тиббий назорат ва парваришдан сўнг табиатга қўйиб юборилади”, дея қўшимча қилинади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сирдарё вилоятида Қизил китобга киритилган бургут ноқонуний тарзда сақлаб келинаётгани аниқланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Олмазор тумани қуш чўл тошбақалари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг