Тошкентда Ўзбекистон-Туркия тиббиёт форуми ўтказилади

Жамият

image

Жорий йилнинг 12-14 февраль кунлари Туркиянинг Истанбул шаҳрида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақавий бюросининг Соғлиқни сақлаш соҳасидаги фавқулодда вазиятлардан одамларни ҳимоя қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш мавзусига бағишланган олий даражадаги вазирлар йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон делегацияси ҳам фаол қатнашди.

Йиғилишда соғлиқни сақлаш соҳасидаги фавқулодда вазиятлардан одамларни ҳимоя қилиш бўйича иштирокчи мамлакатларнинг тайёргарлигини кучайтириш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш, бу борада назорат тузилмаси, мониторинг ва баҳолаш механизмини яратиш, ўзаро тажриба алмашиш ва мулоқотларни кўпайтириш масалаларига устувор аҳамият берилди.

Шунингдек, ЖССТ ва ҳамкорларни қўллаб-қувватлашга чорлайдиган устувор йўналишлар ва инновацион ёндашувларни аниқлаш, энг муҳими, минтақа учун белгилаб олинган тадбирлар ижросини тўлиқ таъминлашда барча давлатларнинг жиддий эътибор қаратиши жуда муҳим эканлиги таъкидланди.

Йиғилиш доирасида Ўзбекистон Республикаси  соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов Грузия, Арманистон ва Туркманистон соғлиқни сақлаш вазирлари билан учрашди. Мулоқотларда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб жиҳатлари муҳокама қилинди. 

Шу ўринда Алишер Шодмоновнинг Туркия соғлиқни сақлаш вазири Фахруддин Қовжа билан бўлиб ўтган учрашувини алоҳида таъкидлаш жоиз. Унда ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган “Йўл харитаси” имзоланди.

Икки вазир мулоқот жараёнида Тошкентда Ўзбек-турк тиббиёт форумини ўтказишга келишиб олди.

Бундан ташқари, ҳамкорлик доирасида нафақат Тошкентда балки, вилоятларда ҳам замонавий тиббиёт клиникаларини ташкил этиш, мутахассисларнинг ўзаро малака ошириши, Ўзбекистонда вакциналар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш каби муҳим масалалар ҳам муҳокама этилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон-Туркия Алишер Шодмонов ЖССТ

Баҳолаганлар

4

Рейтинг

1.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг