Тошкентда тиббиёт ходими коронавирусдан вафот этди. Бу нечанчи қурбон?
Жамият
−
19 Июль 2020
29865Олмазор тумани “Мирзо Ғолиб” маҳалласи худудида жойлашган 18-Оилавий поликлиникасининг катта ҳамшираси 1960 йилда туғилган Феруза Аскаровна Тўхтаева коронавирусдан вафот этди. Бу ҳақда Олмазор тумани ҳокимлиги хабар берди.
“COVID-19 касаллиги меҳрибон она, фидойи, жонкуяр, халқпарвар беморлар дардига даво бўлиб келган ширинсухан ҳамшира Феруза Аскаровнани бевақт орамиздан олиб кетди.
Беморларга ёрдам кўрсатиб чарчамаган, айниқса хозирги вақтда фидойилик кўрсатган Феруза опа сўнгги вақтгача ўз касбига садоқат билан ёндашди. Оғир жудолик сабаб Олмазор тумани ҳокимлиги номидан марҳуманинг оила аъзоларига чуқур таъзия ва ҳамдардлик билдирамиз. Уларга яратгандан сабр тилаб қоламиз. Аллоҳ ўтганларнинг охиратларини обод айласин”, дейилади ҳокимлик таъзиясида.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу ўлим ҳақида ҳозирча маълумот бермади. Умуман олганда вазирлик коронавирус сабаб юзага келган бошқа қатор ўлим ҳолатлари ҳақида ҳам маълумот бермади.
Расмий маълумотлар 85 киши коронавирусдан вафот этганини кўрсатяпти. Аммо қатор ташкилотлар ўз ходимлари COVID-19 касаллигидан вафот этганини маълум қилди. Жумладан, Давлат хизматлари агентлигининг Навоий вилоятидаги ходими Адҳамжон Деҳқонов 61 ёшида, Маданият вазирлиги ходими Акмал Ирисов 32 ёшида коронавирусдан вафот этганини тегишинча – Адлия ва Маданият вазирликлари хабар берди. ССВ эса сукут сақлаб, бу ҳақида маълумот беришга шошмаяпти.
Икки кун олдин, 17 июлда Монополияга қарши курашиш қўмитаси бошқарма бошлиғи Санжар Абдуқодиров 40 ёшида вафот этди. QALAMPIR.UZ марҳумга яқин манбадан ўлим коронавирус сабаб юз берганини маълум қилди. Вазирлик буни на тасдиқлади, на инкор қилди.
Афтидан, вазирликнинг ўзи ҳам аллақачон ҳисобда адашиб кетиб бўлган.
LiveБарчаси