Адлия тизими ходимлари орасида коронавирусдан илк ўлим қайд этилди

Жамият 14579
image

Давлат хизматлари агентлигининг Навоий вилояти бошқармаси бош юрисконсульти Дехканов Адҳамжон Тажибаевич COVID-19 коронавирус инфекциясидан вафот этди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Кўп йиллар малакали ҳуқуқшунос сифатида халқ хизматида бўлган, асосан ҳуқуқ тартибот идораларида фаолият юритган, прокуратура тизими учун қатор ислоҳотларда иштирок этган Адҳамжон Дехканов 2018 йилнинг декабрь ойидан Давлат хизматлари агентлиги соҳасига кириб келди, тизимда ёшларга мураббийлик қилди.

“Адлия вазирлиги жамоаси Давлат хизматлари агентлигининг Навоий вилояти бошқармасининг бош юрисконсульти Дехканов Адҳамжон Тажибаевичнинг бевақт вафоти муносабати билан унинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради”, дейилган вазирлик хабарида.

Аввалроқ, Ички ишлар вазирлиги тизимидаги икки ходим ҳам коронавирусдан вафот этгани маълум бўлганди.

Маълумот учун, Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 14 466 нафарга етди. Ҳозиргача уларнинг 8 343 нафари соғайган ва 69 нафари вафот этган.

 

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 273
Рейтинг: 3
t
×