Икки нафар ички ишлар ходими коронавирусдан вафот этдими? ИИВ изоҳ берди

Жамият

image

Сўнгги икки кунда икки нафар ички ишлар органи ходими вафот этди. Ходимларининг ўлими ҳақида Ички ишлар вазирлиги маълумот бериб, таъзия билдирди. Аммо вазирлик уларнинг ўлим сабабини ошкор қилмади.

Хусусан, жорий йилнинг 13 июль куни Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот технологиялари, алоқа ва ахборотни ҳимоялаш бўлими бошлиғи ўринбосари майор Аълохон Абзалович Шамаҳмудов 36 ёшида ҳаётдан кўз юмди.

Кеча, 14 июль куни эса Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бўлими бошлиғи подполковник Шавкат Насирович Нафасов 48 ёшида вафот этди.

Ижтимоий тармоқларда эса ИИВ ходимлари коронавирусдан вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур хабарларга аниқлик киритиш учун ИИВ Матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов билан боғландик. У ходимларда коронавирус аниқланганини тасдиқлади. Аммо улардан бирида инфекция вафот этгач, қайд этилган. 

Аҳамиятлиси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ИИВ ходимлари коронавирусдан вафот этгани ҳақида ҳеч қандай маълумот бермади. Бу эса шундоқ ҳам коронавирус статистикасига шубҳа билан қаралаётганда, маълумотларга ишончсизликни янада ошириши турган гап.

Бу борада Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот котиби Фурқат Санаевнинг фикрларини олиш учун у билан боғланишга ҳаракат қилдик. Аммо жавоб бўлмади. Тез орада ССВ ички ишлар ходимларининг ўлими бўйича расмий маълумот беришини кутиб қоламиз.

Маълумот учун, Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 14 239 нафарга етди. Ҳозиргача уларнинг 8 327 нафари соғайган ва 68 нафари вафот этган.


Мақола муаллифи

Теглар

Коронавирус Ўзбекистонда

Баҳолаганлар

1328

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг